ФИФА франциялик футболчининг даъвосини қаноатлантирди. Энди АПЛ клуби 24,5 миллион фунт компенсация тўлайди

Жан-Кевин Огюстен ФИФА қарори билан "Лидс"дан 24,5 миллион фунт компенсация олиши мумкин.

Гап шундаки, франциялик футболчи 2020 йилнинг январида «Лейпциг»дан «Лидс»га ижарага берилганди. У жамоада 3 та ўйин ўтказди ва июль ойи бошида немис клубига қайтди.

Кейинчалик маълум бўлишича, "Лидс" чемпионшипдан Премьер-лигага ўтган тақдирда футболчини сотиб олиш мажбуриятини олган ва 2019/20 йилги мавсум якунларига кўра, “Лидс” АПЛга йўл олган. Инглиз клуби бу мажбуриятни бажармади ва шартнома 2020 йилнинг 30 июнига қадар ҳисобланганлигини, коронавирус пандемияси туфайли мавсум шу муддатдан кейин давом этганини ва АПЛга чиқиш 17 июлда амалга оширилганини таъкидлади.

“Лейпциг”нинг ФИФАга берган шикояти қаноатлантирилди, Спорт арбитраж суди ҳам немис жамоаси тарафини олди ва «Лидс»ни 21 миллион евро (18,4 миллион фунт) тўлашга мажбур қилди. Якунда томонлар можарони ҳал қилишга келишиб олди ва “Лидс” 15,5 миллион фунт тўлади.

Огюстеннинг ўзи ҳам низоларни ҳал қилиш учун ФИФА палатасига даъво аризаси беришга қарор қилди ва у қисман қаноатлантирди. Эҳтимол, "Лидс" тўлаши шарт бўлган товон миқдори футболчининг беш йиллик маошига тўғри келиши мумкин (ҳафтасига тахминан 90 минг фунт).

“Лидс” апелляция берди, бироқ The Athletic сўровига жавобан жараённинг бориши ҳақида изоҳ беришдан бош тортди.

Жан-Кевин Огюстен айни дамда "Базель" сафида тўп сурмоқда. У жорий мавсум Швейцария чемпионатида 12 та ўйинда майдонга тушди ва 3 та гол урди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!