ФИФА Россия терма жамоасининг жаҳон чемпионатида иштирок этишига рухсат берди!
ФИФА ижроия Кенгашининг бугунги йиғилишида яна бир муҳим қарор қабул қилинди.
Унга кўра, сўнгги йилларда сиёсий сабабалар туфайли халқаро майдонлардан четлатилган Россия футболига қисман эшиклар очилди. Жумладан, Россия ёшлар терма жамоасига U17 жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқи берилди. Фақат бунинг учун жамоа УЕФА саралашидан муваффақиятли ўтиши лозим.
Бироқ ФИФА ижроия Кенгаши Россиянинг бошқа жамоалари ва клублари борасида 2022 йил 28 февралда қабул қилган қарори сиёсий вазият изга тушмагунча ўз кучида қолишини маълум қилди.
Бундан аввалроқ, 27 сентябрь куни Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УЕФА) Россия ўсмирлар терма жамоасига (U17) ўз халқаро мусобақаларида иштирок этишига рухсат беришга қарор қилган эди. Шундан сўнг Европанинг бир қанча давлатлари Россия терма жамоаси иштирок этадиган турнирларга бойкот эълон қилди. Аниқроғи, Норвегия, Англия, Польша, Швеция, Дания, Латвия, Литва ва Украина Россия терма жамоаси билан ўйнашдан бош тортганликларини эълон қилди.
Фикрлар