Флорентино Перес сайлов олди баҳсларида қатнашишни истамаяпти
"Реал" президенти Флорентино Перес президентлик сайловидаги рақиби Энрике Рикельме билан очиқ дебатда иштирок этишни режалаштирмаяпти.
Аввалроқ Рикельме Пересни клуб келажаги ҳақида очиқ мунозарага чақириб, унинг фаолиятини танқид қилган эди.
El Mundo нашри маълумотига кўра, Перес тўғридан-тўғри баҳсда иштирок этишдан маъно кўрмаяпти. Президент атрофидагиларнинг фикрича, дебатлар Рикельмега қўшимча сиёсий таъсир бериб, уни амалдаги раҳбар билан тенг даражага олиб чиқиши мумкин.
Шу билан бирга, Переснинг дебатдан бош тортиши мухлислар ва клуб аъзолари орасида турлича муносабат уйғотиши мумкин. Айримлар буни ноқулай саволлардан қочиш сифатида баҳоламоқда. Айниқса, жамоанинг сўнгги спорт натижалари ва клуб раҳбарияти атрофидаги босим кучайган бир пайтда.
Бироқ кузатувчиларнинг аксарияти ҳали ҳам Пересни сайловнинг асосий фаворити деб ҳисобламоқда. Бунга клубнинг молиявий ютуқлари, Чемпионлар лигасидаги муваффақиятли давр ва Переснинг клубдаги катта таъсири сабаб бўлмоқда.
“Қироллик клуби”нинг янги президенти сайлови санаси ҳозирча эълон қилинмаган.

Фикрлар