ФР: Чемпионатда тенгсиз бўлган охирги дарвозабон ким эди?
ЎзПФЛ матбуот хизмати апрель ойининг энг яхшиларини аниқлашга киришди. Эътибор қилган бўлсангиз керак, бу йилдан овоз бериш жараёнига ўзгартириш киритилган. Эндиликда энг яхшилар футбол мутахассислари, шарҳловчи ва спорт журналистларидан тузилган 18 кишилик гуруҳ томонидан аниқланмоқда.
Айни пайтда апрель ойининг энг яхшиси бўлиш учун 6 нафар ўйинчи курашмоқда:
1) Остон Ўрунов — 5 ўйинда 4 гол, 43 яккакурашда ғолиб;
2) Темурхўжа Абдухолиқов — 5 ўйинда 2 гол, 2 ассист;
3) Драган Черан — 5 ўйинда 7 гол;
4) Суҳроб Султонов — 4 ўйинда 12 сейв (2 қуруқ ўйин);
5) Ҳусниддин Алиқулов — 5 ўйинда 2 гол, 32 яккакурашда ғолиб;
6) Шерзод Насруллаев — 4 ўйинда 1 гол, 3 ассист.
Эътиборли жиҳати, "Насаф" етакчиси Ҳусниддин Алиқулов қаторасига 2-бор Суперлигада ой футболчиси бўлиш имкониятига эга бўлиб турибди.
Бунақаси сўнгги бор 2020 йилги мавсум охирида содир бўлган эди. Ўшанда "аждарлар"нинг бошқа бир вакили, айни пайтда Қозоғистон чемпионатида тўп тепаётган Бобир Абдихолиқов сентябрь ва октябрь ойларида тенгсиз деб топилган.
Агар лига ҳозирги номини олган даврга эътибор қаратсак (2018 йилдан кейин), Драган Черан бу борада мутлақ етакчи экани кўринади. "Пахтакор" сардори 42 сўровноманинг 9тасида ғалаба қозонган.
Ортда қолган 5 йилда атиги 4 нафар ҳимоячи ойнинг энг яхшиси бўлишни уддалади. Булар: Мурод Холмуҳаммедов, Иброҳимҳалил Йўлдошев, Ҳожиакбар Алижонов ҳамда Ҳусниддин Алиқулов.
Бу мақомга эришган сўнгги дарвозабон эса Игнатий Нестеров бўлиб турибди. Афсонавий кипер ўтган йилнинг апрель ойида тенгсиз бўлган эди.
Фикрлар