ФР: U-20. "Кичик мундиал"даги статистикамиз қандай?
20 май куни Аргентинада 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида 23-жаҳон чемпионати старт олади. Мусобақанинг очилиш ўйинида Ўзбекистон терма жамоаси мезбонларга қарши майдонга чиқишидан хабардорсиз. Шу куни ҳамюртларимиз бу ёш тоифасида ўтказиладиган мундиаллардаги 5-иштирокини бошлайди.
Бугун эса олдинги мусобақаларда қайд этган натижаларимиз, баъзи қизиқарли рақамлар билан танишамиз. Демак, вакилларимиз бунгача ушбу мусобақада 4 бор (БАА-2003, Миср-2009, Туркия-2013, Янги Зеландия-2015) иштирок этган.
Дастлабки 2 иштирокимизда гуруҳда қолиб, 2 бор турнирнинг чорак финалигача чиққанмиз. Ҳозирча биз етиб борган энг юқори марра шу бўлиб турибди.
Мусобақанинг финал босқичида 16 учрашув ўтказиб, улардан 4тасини ғалаба билан якунлаганмиз. Ҳисобимизда, шунингдек, 2 дуранг ва 10та мағлубият бор. Ғалабаларимиз Янги Зеландия, Греция, Фижи ва Австрияга қарши ўйинларда қўлга киритилган.
Турнирнинг финал босқичида 20та гол уриб, 30та ўтказиб юборганмиз. Голларимизга қуйидаги футболчилар муаллифлик қилишган:
Достон Ҳамдамов (3), Александр Гейнрих (2), Аббосбек Махситалиев (2), Игорь Сергеев (2), Сардор Раҳмонов (2), Элдор Шомуродов (2), Забиҳулло Ўринбоев (2), Ислом Инъомов, Шерзод Каримов, Иван Нагаев, Диёржон Туропов, Миржамол Қосимов.
Мусобақадаги энг йирик ғалабамиз 3:0 ҳисобида қўлга киритилган (Фижи ва Янги Зеланди билан ўйинларда). Энг оғир мағлубиятларимиз эса 4:0 ҳисобида Уругвай ва Франциядан қабул қилиб олинган.
Турли мундиалларда терма жамоамиз дарвозасига Андреас Инсьеста, Андре Айю, Родриго Бентанкур ва Поль Погба сингари юлдузлар йўл топишган.
Фикрлар