Францияда "ЖЧ-2026" ярим финали куни 70 минг полициячи жалб этилади
Футбол бўйича жаҳон чемпионати ярим финали ўтказиладиган 14 июль куни Франция ҳудудида тартибни таъминлаш учун тахминан 70 минг полициячи ва жандарм сафарбар этилади. Бу ҳақда мамлакат ички ишлар вазири Лоран Нуньес маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, хавфсизлик чоралари бутун кун давомида, шу жумладан кечқурун ҳам кучайтирилади. Шу куни Франция терма жамоаси Испанияга қарши майдонга тушади.
Шу билан бирга, 14 июль Францияда бош миллий байрам – Бастилия қамоқхонаси эгаллаб олинган кун сифатида нишонланади. Байрам тадбирлари ва футбол учрашуви бир кунда тўғри келаётгани сабабли, ҳукумат хавфсизликка алоҳида эътибор қаратмоқда.
"Тўртинчи июлда мамлакат бўйлаб 70 минг жандарм ва полициячи хизматга жалб этилади… Кун давомида ҳам, кечқурун ҳам", – деди Нуньес BFM телеканали эфирида.
Ички ишлар вазирининг таъкидлашича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эҳтимолий тартиббузарликлар ва оммавий тартибсизликларга тайёр ҳолда иш олиб боради. Парижда тартибни сақлаш учун алоҳида кучлар тўпланиб, пойтахт кўчаларида тахминан беш минг нафар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходим навбатчилик қилади.
Нуньес шунингдек, Франция терма жамоаси Марокко устидан ғалаба қозонган чорак финал кечасини эсга олди. Ўша пайтда полиция 89 нафар кишини қўлга олган эди. Шодийоналар фонида мамлакатнинг шимолида бир қиз бахтсиз ҳодиса оқибатида ҳалок бўлгани ҳам қайд этилди.

Фикрлар