
"Футболчиларимиз мундиалда тўп суришга лойиқ". Терма жамоамиз собиқ аъзоси Эрон билан баҳсда бизга нима қўл келишини айтди
“ЖЧ-2026” йўлланмаси йўлидаги баҳслар ўзининг роса қизғин ва шу билан бирга якуний палласига кирди. Миллий терма жамоамиз кеча “Бунёдкор” стадионида Қирғиз Республикаси терма жамоаси устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва мундиал сари юришини давом эттирмоқда.
Тўғри, барчамиз кечаги беллашувда вакилларимиздан кўпроқ гол уришларини кутгандик ва хоҳлагандик. Бунинг учун футболчиларимиз роса ҳаракат қилишди, ҳатто рақиб биринчи бўлимда бир ўйинчи кам бўлиб қолди. Шунга қарамай, қирғизистонликлар ҳимояда чакки кўринмадилар. Дарвозабони эса кўплаб яққол голли вазиятларда сейвларини намойиш қилиб, қутқарди. Биз пенальтидан ҳам гол уролмадик. Футболда доим биз ўйлаган нарса бўлавермайди.
Нима ҳам дердик, асосийси, терма жамоамиз уч очкони қўлга киритди. 25 март куни эса терма жамоамиз Теҳронда Эронга қарши майдонга тушади. Форслар 19 очко билан гуруҳ пешқадами бўлиб туришибди. Ўзбекистон эса 16 очко билан иккинчи ўринда. БАА ва Қатарда 10 очко мавжуд. Яна учта турдан сўнг саралаш босқичи ниҳоясига етади. Барчаси терма жамоамизнинг ўз қўлида ва биз мундиал сари яқин турибмиз.
Терма жамоамизнинг собиқ футболчиси Анвар Ғофуров вакилларимизнинг Қирғизистонга қарши ўйини ва Эрон билан бўладиган бўлажак учрашув ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
“Авваламбор, барча юртдошларимизга Наврўз ва ғалаба муборак бўлсин! Барчани қўшалоқ байрам билан табриклайман.
Жуда муҳим ғалаба, балки жуда кучли рақиб эмасдир, муҳими ғалаба қозондик ва жаҳон чемпионати сари яна битта катта қадам босдик.
Кутилганидек, осон ўйин бўлмади ва рақибларимиз бу ўйинга яхши тайёргарлик кўрганликлари кўриниб турди. Рақиб футболчисининг олган қизил карточкаси ҳам бизга фойда ва янада устунлик берди. Ўйлайманки, бу таркибимиз ЖЧда ўйнаш учун лойиқ.
Албатта, Сречко Катанецга қилган меҳнатлари учун мухлислар номидан катта миннатдорчилик билдираман ва дардларига Аллоҳ шифо берсин.
Мухлисларимизни терма жамоа футболчилари, мураббийлари ва ғалабага ўз ҳиссасини қўшган барча вакилларини ушбу муваффақият билан табриклайман ва бу ғалаба билан яхшигина байрам олди барча мухлисларнинг кайфиятни кўтаришди, деб ўйлайман.
Албатта, бундан кейин ҳам ижобий натижалар қайд этишларига ишонаман. Бунинг учун барча имкониятимиз бор. Ўйлайманки, Эроннинг деярли вазифа бажаргани сабаб, бизга қўшимча қўл келади.
Бугунги терма жамоамиз таркиби, Эрон терма жамоасидан ҳеч ҳам қолишмийди. Ҳа, бизда йўқотишлар бор, Жалолиддин Машарипов, Остон Ўрунов, Хусниддин Алиқулов каби йигитлар ёрдам бера олмайдилар. Лекин жамоамизда ёш ҳамда истеъдодли футболчилар ҳам етарли ва ўз сўзларини айтишга улар тайёр деб ўйлайман”, - дейди Ғофуров.
Эслатиб ўтамиз, миллий терма жамоамиз 25 март куни Теҳронда Эронга қарши майдонга тушади. Бўлажак ўйинда вакилларимизга омад тилаймиз.
Фикрлар