Футболда умрим шунчаки ўтиб кетишини хоҳламайман, "Навбаҳор" билан вазифани бажаришимизга шубҳаланмаяпман - Қувондиқ Рўзиев нега клубини ўзгартиргани хусусида

“Навбаҳор” бу йил таркибини анча кучайтириб оляпти. Таркибига бунга қадар ўз клубларининг етакчилари бўлган бир қатор футболчилар таклиф қилинди.

Масалан, “Қўқон-1912” жамоасида бир неча йил самарали тўп сурган Қувондиқ Рўзиев энди “Навбаҳор” либосида майдонга тушади.

Унинг Наманган жамоасига кўчиб ўтгани маҳаллий мухлисларни хурсанд қилмасдан қолмади. Sports.uz мухбири эса футболчи билан бир қатор қизиқарли мавзуларда мулоқот қилди.

“Дастлаб “Локомотив”дан таклиф тушганди”

Аввало Қувондиқ Рўзиевнинг “Навбаҳор”га кўчиб ўтиши қандай содир бўлди? Унинг “Қўқон-1912”ни тарк этиши нима билан боғлиқ эди? Рўзиев дастлаб шу ҳақида гапирди.

- Ўтган йилги мавсум тугаганидан кейин, менга “Локомотив” клуби таклиф билан чиққанди. Гарчи “Қўқон-1912” билан шартномам тугаганига қарамасдан, бу ҳақида клуб раҳбарларига айтдим. Улар эса, яна бир йил Қўқон жамоасида ўйнаб беришимни сўради. Кейин “Локомотив”дагилардан узр сўрадим ва мени тўғри тушунишгани учун раҳмат айтдим. “Қўқон-1912” билан йиғинга киришганимда, менга “Навбаҳор”дан таклиф келиб тушди. Натижада уларга ҳам вазиятни тушунтирдим, Қўқондан шунчаки кета олмаслигимни айтдим. Шундан кейин иккала жамоа раҳбарлари гаплашишган ва менинг тақдирим борасида улар келишишган. Шундан сўнг, “Навбаҳор”га келиб қўшилдим.

“Қачондир Қўқондан кетишим керак эди”

Қувондиқнинг Қўқондан кетиши клуб учун йўқотиш бўлди, десак адашмаган бўламиз. Чунки бу футболчининг “Қўқон-1912”даги ўрни ва мавқеи баланд эди. Рўзиев у ердан кетишини эслар экан, қуйидагиларни айтди:

- Гапнинг очиғи, “Қўқон-1912” клубидан кетишим қийин кечди. Ахир у ерда салкам бешта мавсумни ўтказгандим-да. Аммо қачондир Қўқондан кетишим керак эди. Янада яхшироқ, ўз олдига юқори мақсадларни қўйган жамоада тўп сурмоқчи эдим. Ёшим ҳам 26 га тўлди. Энди ёш бола эмасман. “Навбаҳор”га ўтишимга туртки бўлган асосий жиҳатлардан бири, клубнинг ўз олдига қўйган мақсади мени қизиқтириб қўйди.

“Вақти келиб фарзандларимга ютган совринларим ҳақида гапиргим келади”

Кўриб турганингиздек, футболчига “Навбаҳор”нинг олдига қўйган мақсади муҳим аҳамият касб этган. Қувондиқ ҳам нимадир ютишни истаётганини яширмаяпти. Шу ўринда футболчи иккала клубнинг мақсад ҳамда вазифаларини ҳам солиштирди.

- “Қўқон-1912”нинг бу йилги вазифаси ўтган йилги натижани такрорлаш. Яъни, кучли бешталикка кириш. “Навбаҳор” эса, чемпионлик учун курашади. Кўриб турибсиз, мақсадлар борасида ўртада катта тафовут бор. Каттароқ вазифаси бор клубга ўтишни маъқул кўрдим. Ҳозир айни кучга тўлган пайтим. Футболни ичида умрим шунчаки ўтиб кетишини хоҳламайман. Эртага футболни тугатганимиздан кейин барибир статистика гапиради. Қўқонда шунча йил ўйнаб, ҳеч нима ютмадим, десам эртага бунга ҳеч ким қизиқмайди. Вақти келиб фарзандларимга чемпион бўлганман, кумуш ва бронзани ютганман ёки Осиё Чемпионлар лигасида тўп сурганман, дегим келади.

рузиев3_1

“Бошида қийналдим, чунки бироз тортинчоқман”

Шундай қилиб, Қувондиқ Рўзиевнинг “Навбаҳор”даги ҳаёти ҳам бошланди. Бу унинг учун янги чақириқ ва янги имкониятлар эшигини очиши кутилмоқда. Хўш, уни янги клубида қандай кутиб олишди? Дастлабки таассуротлари қандай?

- Ростини айтаман, “Навбаҳор”га қўшилганимдан сўнг, уч кунча қийналдим. “Навбаҳор”да олдин мен билан бирга ўйнаган биргина Ўткир ака Юсупов бор эди. Қолган футболчилар деярли нотаниш эди. Шу сабабли, янги клубга киришиб кетишим бироз қийин кечди. Шунга қарамай, йигитлар далда бериб туришди. Жамоа билан тортинмасдан суҳбатда бўлишимни, ҳеч нимадан уялмаслигимни маслаҳат беришди. Қанча тез киришиб кетсанг, бизга ҳам осонроқ бўлади, деган гапларни айтишди. Ҳозирга келиб кўпчилиги билан анча танишиб, дўстлашиб кетдим. Тўғриси, характерим оғирроқ. Қандай маънода? Яъни, бирданига киришиб кета олмайман. Бироз тортинчоқроқман. Баъзилар тезда киришиб кетади, мен эса бироз уяламан. Боя айтганимдек, бошида бироз қийналдим. Бунгача Қўқонда беш йил тўп сурган бўлсам, у ердагиларнинг ҳаммаси мен учун акам, укам ва дўстларим бўлиб қолишган.

“Нўъмон ака Ҳасанов мени терма жамоа даражасига кўтармоқчи”

“Навбаҳор” бош мураббийи Нўъмон Ҳасанов ҳам Рўзиевни жамоасида кўриб турганидан хурсанд. Қувондиқ у билан илк суҳбат қандай ўтгани ҳақида гапирди.

- Аслида Нўъмон ака Ҳасанов ўтган мавсум тугамасидан аввал ноябрь ойида мен билан алоқага чиққанди. Мени “Навбаҳор”да кўришни хоҳлаётганини айтганди. Лекин ўша пайтда ўзининг клубда қолиши сўроқ остида турганди. Шунинг учун ўз иши аниқ бўлгач, бемалол ўтириб гаплашишимизни айтгандим. Нўъмон акани олдиндан яхши биламан. Футболчини таклиф қилишдан аввал, унинг инсонийлик фазилатларига қарайди. Шу нарса Нўъмон ака Ҳасанов учун биринчи ўринда туради. “Навбаҳор”даги биринчи асосий мақсади жамоавий руҳни яхшилаш. Албатта, “Навбаҳор”га ўтганимдан сўнг, ўзи билан гаплашдик ва мени клубида кўриб турганидан хурсандлигини айтди. Бир-биримизга ёрдам берамиз ва мураббий мени терма жамоа даражасигача кўтаришини таъкидлади. Илгари айнан ушбу мураббийнинг қўли остида тўп суриб терма жамоага тушганман.

рузиев2_2

“Ҳар бир чизиқда энг яхши ўйинчилар йиғиляпти”

“Навбаҳор” ҳар йили ўз олдига катта-катта мақсадларни қўяди. Бироқ мавсум якунига келганда клубни ўз ўрнида топа олмаймиз. Бу йил ҳам жамоанинг вазифалари анча жиддий. Таркиб ҳам яхши даражада шакллантириляпти. Рақобат эса кучайиб бормоқда. Қувондиқ Рўзиев “Навбаҳор” билан вазифани бажаришга қанчалик ишоняпти?

- “Навбаҳор”даги ҳозирги йиғилган таркибга қарайдиган бўлсак, кучли учталикка киришимизга шубҳаланмаяпман. Нўъмон ака Ҳасанов ўзининг ўйин услубига тушадиган футболчиларни йиғиб олди. Жамоа ўзаги сақлаб қолинди ва бир қатор яхши ўйинчилар қўшилди. Масалан, Баҳром Абдураҳимов ҳам “Навбаҳор”ни кучайтиришга қодир. У ўтган йили АГМКнинг учинчи ўринни эгаллашида катта ҳиссасини қўшган. “Насаф”да ҳам қандай ўйинлар кўрсатганини биламиз. Ҳар бир чизиқда Ўзбекистоннинг энг яхши ўйинчилари ўйнайди десам муболаға бўлмайди. Масалан, ўтган йили “Қўқон-1912”нинг бешталикка киришини ҳеч ким ўйламаганди. Ҳар йили жамоамиз 9-10-ўринларда юрарди. Ўтган йили жамоанинг аҳиллиги эвазига яхши натижа кўрсатди. Ҳаттоки мавсум давомида 5-ўриндан пастга ҳам тушмадик. Учинчи ўринга ҳам имконимиз бор эди. Фақат айрим етакчиларимизнинг жароҳат олгани бизга катта йўқотиш бўлди. Захирада ўйинни кучайтирадиган футболчилар қолмаганди. Агар таркибимиз тўлиқ бўлганида 4-ўринни эгаллашимиз ҳам мумкин эди. Қўқон клуби ўз тарихида иккинчи марта 5-ўринни қайд этди. “Навбаҳор”нинг Туркиядаги йиғинига келсак, у ерда яхши майдонлар бўлади ва кучли рақиблар ҳам. Тайёргарлик ҳам шунга яраша кечади. Насиб қилса, чемпионатга тўлиқ тайёр ҳолатда қайтиб келамиз. Кучли рақибларга қарши ўйинларда жамоамизнинг кучли ва кучсиз томонлари кўринади, бу эса фойдамизга хизмат қилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
+998902610401
01/02/2021 10:41
Ўзбекистондаги барча жамоалар кучайса хаммага яхши шу қаторда Навбахорни хам бу йилги ўйинларига омад ёр бўлсин.