"Футболни деярли кўрмаяпман". Шихов фаолиятини нега тугатди?

Футбол мухлисларига яхши таниш бўлган ўйинчи Санъат Шихов 34 ёшида бутсаларини михга илди. Унинг охирги клуби “Қўқон-1912” жамоаси эди. Ўтган йили про лигада мазкур клуб шарафини ҳимоя қилди.

Шихов футболчилик фаолиятини “Пахтакор”да бошлаган ва “Шерлар” сафида тўп сурган. Кейин “Қизилқум”, “Динамо”, “Навбаҳор”, “Бухоро”, ОКМК, “Сўғдиёна” каби жамоаларда ҳам тўп сурган.

Юқорида тўхталганимиздек, Санъатнинг охирги клуби “Қўқон-1912” бўлди. У фаолиятини нега тугатгани ва фаолияти ҳақида Sports.uz учун ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

"Тўғрисини айтсам, ўтган йили қишда мавсум тугаганидан кейин фаолиятимни тугатмоқчи эдим, - дея гап бошлади, футболчи. -  “Қўқон-1912” Суперлигадан тушиб кетгач, про лигада уларга ёрдам бериб элитага олиб чиқиш мақсадида яна бир йил фаолият олиб бормоқчи бўлдим ва қўқонликларни Суперлигага қайтаргач, шундан сўнг тугатишни ният қилгандим. Аммо, ўзингиз кўрдингиз, бу жамоани Суперлигага олиб чиқа олмадик. Шундай бўлса ҳам “Қўқон-1912” менга яна шартнома таклиф қилди. Фақат айтилган таклифи мени қониқтирмади. Шу ўринда “Қўқон-1912” клубига менга қилган барча яхшиликлари учун миннатдорман. Яна бошқа таклифлар ҳам бор эди. Ҳаммасини ўйлаб кўриб, фаолиятимни тугатишга қарор қилдим. Энди ёшларга йўлни бўшатиб бериш керак. Иқтидорли ёшлар чиқяпти. Ёши улғайган сари футболдаги ҳақиқатларни кўриб, футболдан кўнглим совиб кетди. Шунинг учун кетдим. Футболни ичида унга тушунмайдиганлар кўпайди. Футбол одамлари белафз бўлиб қолган. Футбол жонкуяри бўлганим учун мен жим қараб тура олмайман. Ундан кўра, кетишга қарор қилдим. Футболни деярли кўрмаяпман. Баъзида қўқонликларнинг ўйинини кўриб тураман.

Футболчилик фаолиятимдан 100 фоизга кўнглим тўлди. Балки қаердадир ўзимнинг хатоларим туфайли нимадир ўхмаган бўлиши мумкин. 2019 йили Олмалиқдан кейин фаолиятимни тугатишим керак, деган хаёл ўтган. 2020 йилдан сўнг ўзим ёқтиргандек футбол ўйнаганим йўқ. Фақат 2022 йили Бахтиёр Ашурматов, кейин Даврон Файзиев қўл остида тузукроқ футбол ўйнадик. Аммо бошқа мураббийлар қўлида ўзим кутгандек ўйнамадим. Тугатиш ҳақидаги қарорим йиллар давомида келиб чиқди. Фаолиятимдан афсусланмайман. Юқорида айтганимдек, ОКМКдан кейин фақат тугатиш ҳақида ўйладим. Шундан буёғига фақат пул учун ўйнадим. Олдин футболни яхши кўриб, маза қилиб ўйнаган бўлсам, кейин яхши мураббийлар қўли остида кам ўйнадим ва ўзим ҳам майдонда етарли даражада ўйнамадим. Айтганимдек, 2022 йилда Ашурматов ва Файзиев билан яхши футбол ўйнадик.

Ҳозирча футболни бутунлай тарк этдим. Футболга ҳали бери қайтиш ниятим йўқ. Унда ишлаётганлар ўзини эмас, футболимиз манфаатини ўйлайдиганлар ҳозир ҳам бор, аммо улар янада кўпайишини кўрсам қайтишим мумкин. Футбол ўйнаб юрган пайтларимдаги бизнесларим бор эди. Ҳозир шулар билан машғулман. Ҳозирча футболга алоқадор ҳеч нарсани режалаштирмаяпман”, - дейди Шихов. 

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Sport2122
23/03/2024 14:39
Тугри гапларингиз.