Футзал. “Олмалиқ” клублар ўртасидаги Осиё чемпионати илк ўйинида мағлубиятга учради

 

Вьетнамнинг Хошимин шаҳрида клублар ўртасида Осиё чемпионати баҳслари давом этмоқда. Мусобақанинг “D” гуруҳида иштирок этаётган Ўзбекистоннинг “Олмалиқ” клуби илк учрашувни Ливаннинг “Банк Бейрут” жамоасига қарши ўтказди.

Голларга бой кечган беллашувда ливанликлар 8:3 ҳисобида ғалаба қозонди.  “Олмалиқ” сафида Ирсалиев ва Юнусов гол урди, яна битта голни ливанлик футзалчи ўз дарвозасига уриб қўйди.  

“Банк Бейрут” дастлабки ўйинда “D” гуруҳи фаворити Таиланднинг “Чонбури Блювейв” футзалчиларига 0:9 ҳисобида имкониятни бой берганди. Мағлубиятга қарамай, "Олмалиқ"да плей-офф босқичига чиқиш учун имконият сақланиб қолинди. 

Ушбу гуруҳнинг сўнгги ўйинида “Чонбури Блювейв” ва “Олмалиқ” ўзаро баҳс олиб боради. Беллашув 25 июль куни ўтказилади.

Клублар ўртасидаги ОЧ
Phu Tho Stadium, Хошимин
23 июль, якшанба

“Олмалиқ” (Ўзбекистон) – “Банк Бейрут” (Ливан) 3:8