Футзал. Ўзбекистон термаси гуруҳ етакчилиги учун Қирғизистон билан куч синашади
Ads

 

Эроннинг Табриз шаҳрида бугун, 17 октябрь куни Марказий ва Жанубий Осиё минтақасидан Осиё чемпионатига саралаш босқичи “А” гуруҳи сўнгги, 3-тур учрашувлари бўлиб ўтади.

Тошкент вақти билан 15:30 да гуруҳ етакчилари Ўзбекистон ва Қирғизистон терма жамоалари бир бирига рўбаро келади. Ушбу ўйинда ғалаба қозонган жамоа гуруҳ етакчисига айланади. Агар дуранг қайд этилса, Баҳодир Аҳмедов шогирдлари яхшироқ тўплар нисбати эвазига гуруҳни 1-ўрин билан тугатади.

Ўзбекистон термаси бугунги ўйинни кўк формаларда ўтказади. Рақиб Қирғизистон эса оқ либосларда майдонга тушади.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон ва Қирғизистон терма жамоалари кеча, 16 октябрь куни мос равишда Туркманистон (4:2) ва Непални (5:0) мағлубиятга учратиб, муддатидан аввал ОЧ йўлланмасига эга бўлди.

“А” гуруҳи 3-турининг ҳеч қандай аҳамиятига эга бўлмаган ўйинда Непал ва Туркманистон ўзаро куч синашади.

Марказий ва Жанубий Осиё минтақаси “B” гуруҳида ҳам ОЧ чиптасини қўлга киритган жамоалар номи маълум бўлиб улгурди. Эрон дастлабки ўйинда Афғонистонни 8:2 ҳисобида мағлуб қилган бўлса, Тожикистон термаси афғонистонлик футзалчиларни қийинчилик билан 4:3 ҳисобида енгди. Демак, Эрон ва Тожикистон ОЧ йўлланмасини нақд қилди ва улар ўртасида бўлиб ўтадиган бугунги ўйин натижаси ҳеч қандай аҳамият касб этмайди.

Футзал бўйича ОЧ саралаши
“А” гуруҳи, 3-тур
17 октябрь, сешанба

15:30  ЎЗБЕКИСТОН – Қирғизистон
18:00  Туркманистон – Непал

Маълумот учун, Футзал бўйича Осиё чемпионати 2018 йилнинг 6–18 февраль кунлари Хитой Тайпейи мамлакатида бўлиб ўтади. Қитъа биринчилигида жами 16 жамоа чемпионлик учун курашади.