Фёдоров: "Локомотив" бир гол ўтказиб юбориб, таслим бўладиган жамоа эмас
Coca Cola Суперлигасининг 6-турида Тошкент дербиси бўлиб ўтди. Унга кўра, "Бунёдкор" ўз майдонида "Локомотив" клубини қабул қилиб, 2:0 ҳисобида зафар қучди. Учрашувдан кейин, "темирйўлчилар" бош мураббийи Андрей Фёдоров ўз фикрларини билдириб ўтди. Бу ҳақда, "Локомотив" матбуот хизмати хабар берди.
- "Агарда ўйинни умумий тавсифлайдиган бўлсак, дастлабки 15 дақиқада "Бунёдкор" катта устунликка эга бўлди. Жамоам бугун яккакурашларда мағлуб бўлди ва шу сабабдан ўйинда ғалабага эриша олмади. Ўз ярим майдонимизда кўплаб қўпол хатоларга йўл қўйдик. Жуда оғир мағлубият бўлди. Тактика, паслар ёки бошқалар ҳақида гапириш қийин бўлмоқда. Ўйинни кучайтиришга қийналяпмиз. Кетма-кет олтинга тенг очколарни йўқотяпмиз. Бу эса мавсум якунида катта таъсир ўтказиши мумкин.
Молиявий муаммолар йўқ. Кетма-кет учинчи ўйинда ҳам биз тезкор гол ўтказиб юборяпмиз ва шундан кейин ўйинда узилишлар пайдо бўляпти. "Локомотив" бир гол ўтказиб юбориб, таслим бўладиган жамоа эмас. Бу борада кўп ишлаймиз ва навбатдаги ўйинларда бундай бўлмаслиги учун ҳаракат қиламиз," - деди Фёдоров.
Фикрлар