"Ғалабани тўғри танланган тактика эвазига қўлга киритдик, Осиё чемпионлигидан сўнг ўзимга бўлган ишонч ортди" - Шерзод Эсонов
“Андижон” Суперлиганинг 4-турида Тошкентдаги Жар стадионида “Олимпик”ни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, мухлисларини қувонтирди.
Мазкур беллашувда Осиё чемпиони, истеъдод эгаси Шерзод Эсонов иккинчи бўлимда захирадан майдонга тушди ва ўйинга жуда яхши киришиб кетди.
Учрашувдан сўнг Эсонов “Олимпик” клубига қарши ўйин ва қўлга киритилган Осиё чемпионлиги хусусида гапирди.
- “Олимпик” клубига қарши баҳсда Суперлигада дебютингизни ўтказдингиз ва ғалаба ниманинг эвазига қўлга киритилди, деб ўйлайсиз?
- Авваламбор, қўлга киритилган ғалаба билан “Андижон” мухлисларини табриклайман. Худога шукр, дебют ўйиним ғалаба билан бошланди. Биз ғалабамизни тўғри танланган тактика эвазига қўлга киритдик.
- Яқинда Осиё чемпионлигини қўлга киритдингиз. Шундан сўнг ҳаётингизда нима ўзгарганини ҳис қилдингиз?
- Асосий мақсадларимдан бири амалга ошди, Худога шукр. Қолаверса, ушбу муваффақиятдан кейин ўзимга бўлган ишонч янада ортди.
- Сиз учун энг қийин ва мураккаб учрашув қайси бўлди?
- Биз учун энг қийини бу Австралияга карши ўйин бўлди, деб ўйлайман. Чунки бу ўйин жаҳон чемпионати йўлланмаси учун эди.
- Клубга қайтганингизда сизни кўтаринкилик билан кутиб олдилар. Айтиш керакки, йил бошидан бери “Андижон”га энди қўшилдингиз ва қандай ўзгаришларни ҳис қилдингиз?
- Ҳа, клубда мени жуда илиқ кутиб олишди. Жамоамиз ҳар доимгидек аҳил ва иноқ.
- Осиё чемпионлиги қўлга киритилгани учун совға қилинган машинани ўзингиз ҳайдаяпсизми ёки...
- Йўқ, совға қилинган машинани дадамга бердим.
“Андижон” матбуот хизмати.
Фикрлар