"Галатасарой" - "Бавария": Немислар қандай қилиб ғалабани илиб кетди?
Чемпионлар лигасининг 3-тур баҳслари старт олди. Мазкур турни бошлаб берувчи учрашув "Галатасарой" ва "Бавария" ўртасида ўтказилди. Анча қизиқарли ўтган ўйинда мюнхенликлар ишончли 1:3 ҳисобида зафар қучиб, гуруҳда 9 очко билан пешқадам бўлиб турибди. Аммо бу учрашувда Тухель шогирдлари мағлубиятга учраши ҳам мумкин эди.
Ўйинга танланган таркиблар:
Бошланғич таркибларга эътибор берсак, мезбонлар ҳимоявий эмас, балки ҳужумкор таркиб билан ўйинни бошлаганига гувоҳ бўламиз. Икки қанот вингери, ҳужумкор ярим ҳимоячи ва марказий ҳужумчи. "Бавария"да ҳам худди шундай. Ажойиб трио ва олдинда Харри Кейн. Учрашув мюнхенликлар учун бироз кутилмаган ҳолат билан бошланди. "Шерлар"нинг юқори прессингда ҳаракат қилиши ва мухлисларнинг шовқини меҳмонларга сюрприз бўлди. Бурук шогирдлари асосан ўнг қанотда фаол бўлишди. Боэ, Актюркоглу ва Тетенинг босим қилишидан Дэвис бир неча марта хато қилишга мажбур бўлиб, тўпни йўқотди.
Аммо ҳисобни "Бавария" очишга муваффақ бўлди. Майдон марказида Мусиала тўпни эгаллаб олди ва чап қанотдаги Санега узатди. Бу вақтда эса Боэ прессингда иштирок этиш учун ҳужумда юрганди. Футболчи ортга қайтишга улгурди, лекин энди кеч эди. Лерой эса бемалол тўпни қабул қилиб олиб, нариги қанотдаги Команга узатди ва ҳисоб очилди. Бу орада 20 ёшли Каратас ҳам хато қилишга улгурди.
Шундан сўнг "Галатасарой" янада ҳужумкорроқ бўлишга ҳаракат қилди. Орадан бир дақиқа ўтар-ўтмас Актюркоглуда жуда яхши имконият пайдо бўлди. Аммо Ульрих ажойиб сейви билан жамоасини қутқариб қолди.
Тухэль ҳамкасбининг режасини бузиш учун ҳаракат қилишни бошлади. Лаймер қийналаётган Дэвисга ёрдамга ўтди. Унинг ўрнини эса Сане тўлдириб туришга ҳаракат қилди.
"Галатасарой" эса прессинг қилишдан тўхтамади. Натижада бир неча бор "Бавария" футболчилари ҳимояда тўпни йўқотиб қўйди. Аммо вазиятларни якунлашда мезбонлар оқсаётганди.
Ўйиннинг 29-дақиқасига келиб, рефери Ульрих дарвозаси томон пенальти белгилади. Икардига нисбатан қоида бузилганидан кейин 11 метрлик жарима зарбаси ишлаб олинди. Аргентиналик ҳужумчи паненка услубида чиройли гол уриб, жамоасига ишончни қайтарди. Кетма-кет ҳужумлар билан учрашув давом этди. "Немис машинаси"нинг ўз жарима майдончасига қамалиб қолганини ҳар доим ҳам кўравермаймиз. Энг қизиғи, Тухель ўйин давомида бунга ҳеч қандай ечим топа олмаётганди. Унга танаффус жуда ҳам зарур эди.
Биринчи таймдаги статистикалар: "Галатасарой" 2 та голли вазият яратди, 16 марта зарба берди. Шулардан 4 таси дарвозага аниқ борган. "Бавария" 0.42 та голли вазият яратди, 3 та зарба берган бўлса, 2 таси аниқ. Дастлабки таймдан кейин мезбонлар ғалабага яқинлашиб келаётгандек кўринди. Зарбалардан ташқари тўп назоратини ҳам қўлга олганди. Ҳа, "Бавария" иккинчи рақамли бўлиб ҳаракатланди ва минимал имкониятлардан максимал фойдаланди.
Иккинчи тайм боши ҳам биринчисинидан қолишмасди. Тухель ҳеч нимани ўзгартиргани йўқ. Жамоа иккинчи рақамли бўлиб ўйнашни давом эттирмоқда. Бурук эса Тетени майдондан олишга қарор қилди. Унинг ўрнига Мертенс туширилиб марказроққа жойлаштирилди. Тетенинг ўрнини Заха эггалади. Чап қанотда ҳеч нимани қойиллатмаган инглиз ўнг қанотга ўтиб ҳам фаоллашмади. Бундан эса Дэвис хурсанд бўлган бўлса, ажаб эмас. Аста-секин тўп назорати "Бавария"га ўтиб борди. Бир тайм юқори прессинг қилган "Галатасарой" футболчилари чарчаб қолгани сезилди ва немислар 2-голни уришга муваффақ бўлди. Бу сафар яна ўша 20 ёшли Каратаснинг қанотидан Коман, Мазрауи ва Мусиала иштирокидаги ҳужумни Кейн якунлаб қўйди.
2-голдан кейин "Галатасарой" футболчиларида иштиёқ ҳам тушиб борди. Захирадан қўшилганлар эса ўйинни кучайтира олмади ва 3-гол ҳам узоқ куттиргани йўқ. Кейннинг узатмасидан сўнг Мусиала Муслера дарвозасини ишғол қилиб, нуқтани қўйди.
Бу учрашувда "Галатасарой"га заиф ҳимоя ва кучнинг ҳаммаси бир таймда сарфлаб юборилгани панд берди. Шу билан бирга, вақтида ҳужумларни якунлай олмаган вазиятлари ҳам кўп бўлди. Ўзгаришларни-ку айтмаса ҳам бўлади. Зиеш, Ндомбеле, Мертенс, Йилмас ва Анхелиньолар ўйин темпига тушиб кета олмади. "Бавария"га қарши яхшигина тажрибага эга бўлган Анхелиньони захирада қолдириб, Каратасга бундай муҳим баҳсда имкон берилиши ҳам қизиқ бўлди.
Тухельга ҳам бу ўйиндан кейин саволлар кўпайгани аниқ. Натижа яхши, лекин бундай ўйин билан қаергача етиб бориш мумкин? "Галатасарой"дан 20 талаб зарба қабул қилиб олаётган жамоа "Манчестер Сити", "Реал"ларга қаршилик кўрсата олармикан?
Фикрлар