"Гапирсак гап кўп, "Сўғдиёна" билан медалларни ютмоқчимиз" - Санжар Шоаҳмедов

“Сўғдиёна” мавсумлар оралиғида ўз сафини яхши савиядаги ўйинчилар билан тўлдириб олаётганини эшитаётгандирсиз.

Масалан, тажрибали ярим ҳимоячи Санжар Шоаҳмедов энди жиззахликлар аъзосига айланди. Ўтган мавсумни “Қизилқум”да ўтказган ўйинчи бор эътиборини “Сўғдиёна”га қаратди.

Футболчи янги жамоаси билан Туркиянинг Анталия йиғинига кетаёган чоғида у билан Тошкент халқаро аэропортида бироз суҳбатлашдик.

- “Сўғдиёна” жамоасига кўчиб ўтганингизни кутганлар ҳам, кутмаганлар ҳам бўлди, дейишимиз мумкин. Аввало, клуб сафига қўшилишингиз ҳақида айтиб ўтсангиз.

- “Сўғдиёна” таклиф билан чиққанди. Ҳамма қатори уйда эдим ва ўзим шуғулланиб тургандим. Ҳамма кутганми-йўқми, билмадиму, аммо насибам шу ерда экан, шартнома имзоладик. Яна 3-4 та вариантлар бор эди. Жиззахни Тошкентга яқинроқ деб шуни танладим. Бош мураббий ҳам ишонч билдириб чақиргани учун келдим.

санжар2_1

- Бундан чиқди, “Сўғдиёна”га ўтишингиз сюрприз эмас-а?

- Нимаси сюрприз? Бу яхши жамоа. Ўтган йили ОФК Кубогида ўйнади. Курашадиган жамоа.

- Демак, “Қизилқум”дан кетишингиз аниқ эди-а? Чунки у ерни кўпчилик тарк этганди...

- Ҳа, менинг ҳам кетишим аниқ эди. Жамоани тарк этишим ҳақида режалаштириб қўйгандим. Шартномам тугагач, кетдим. Буни нима биландир боғлаш шарт эмас. Ҳаммаси яхши эди. Баъзи-бир сабабларга кўра клубни алмаштиришга қарор қилдим. Гапирсак гап кўп.

санжар3

- “Сўғдиёна”га ўтгач, фаолиятигизда балки яна янги саҳифа очилаётгандир. Ушбу клуб орқали нимага эришмоқчисиз? Бир қатор клубларда тўп суриб ютуқларга, совринларга эришгансиз.

- Тўғри, Ўзбекистон Кубогини ҳам, чемпионликни ҳам қўлга киритганмиз. Худо хоҳласа, “Сўғдиёна” билан биргаликда яна яхши ўринларга эга бўлмоқчимиз. Ниятимиз медаллардан бирини қўлга киритиш.

- Янги жамоангиздаги таассуротлар қандай?

- Ҳаммаси яхши. Яқинда қўшилдим. Клубдаги футболчилар ҳам, мураббийлар ҳам яхши таниш.

санжар_3

- Эшитишимча, сизни легионер сифатида хорижда ҳам кўришимиз мумкин эди...

- Ҳа, легионер бўлиб ўйнашим ҳам мумкин эди. Насибамиз шу ерда экан, қолдик.

- Кўп мураббийлар билан ишлагансиз. Ёрқин Назаровни қандай фарқли томонларини кўряпсиз?

- Одамгарчилик сифатида ҳам, мураббий сифатида ҳам яхши. Машғулотлари ҳам ажойиб ва ҳақиқий футболни ўйнатяпти. Пас орқали ҳам ишлаяпмиз. Ҳар жиҳатдан маъқул. Ҳозирги ҳамма талаб қилаётган замонавий футбол бу мураббийда мужассам.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!