Гимараэш бир шарт билан «Арсенал»га ўтишга рози
«Ньюкасл» ярим ҳимоячиси Бруно Гимараэш Лондоннинг «Арсенал» жамоасига ўтиш имкониятини жиддий тарзда кўриб чиқмоқда.
Маълумотларга кўра, бразилиялик футболчи клуб раҳбариятига «канонирлар» сафига қўшилиш ғояси унга манзур эканини билдирган. Шу билан бирга, журналист Люк Эдвардснинг қайд этишича, Гимараэш «Ньюкасл» позициясини ҳурмат қилади ва «Арсенал» томони зарур молиявий шартларга яқин таклиф бермагунча, трансферни фаол равишда талаб қилмасликка қарор қилган.
Ҳозирча клублар ўртасида келишувга эришишдан анча йироқ, шу боис 28 ёшли ярим ҳимоячи янги мавсум олдидан «Ньюкасл» билан бирга йиғинни бошлашга тайёрланмоқда.
Бруно Гимараэшнинг амалдаги шартномаси 2028 йилнинг ўрталаригача мўлжалланган. Transfermarkt портали унинг бозор қийматини 70 миллион евро атрофида баҳоламоқда.

Фикрлар