Гол урганлар, голдан қутқарганлар, голга ассист бўлганлар ёхуд 7-турнинг 7 та энг зўрлари
Кеча Суперлигада 7-турнинг сўнгги ўйини бўлиб ўтди. Одатимизга кўра, турдаги 7 та учрашувнинг энг яхши футболчилари ҳақида тўхталамиз.
“Металлург” – “Қизилқум” – 0:0. Энг яхши футболчи: Ризо Яздан Дўст
“Металлург”нинг эронлик легионери Ризо Яздан Дўст “Қизилқум” билан бўлиб ўтган учрашувнинг энг яхши футболчиси деб топилди. “Металлург”нинг мудофаа чизиғида Яздан Дўст мисолида “бетон” қўйиб қўйилгандек туюлди. У ўз ишини яхши бажарди ва “Металлург” нолга ўйнади. Аммо ҳужумда ҳам жамоанинг ишлари ноль бўлди ва рақиб дарвозасига гол ура олмадилар. Аксига олиб бекободликлар ҳужумчиси Шаҳзод Убайдуллаев пенальтидан гол ура олмади. Акс ҳолда...
“Олимпик” – “Пахтакор” – 1:2. Энг яхши футболчи: Достон Ҳамдамов
Тошкент дербисида “Пахтакор” клуби “Олимпик”га қарши учрашувда қийин ғалабани қўлга киритди. “Шерлар” ярим ҳимоячиси Достон Ҳамдамов жамоасининг дастлабки голига муаллифлик қилди ва иккинчи голга ассист вазифасини бажарди. Табиийки, у энг яхши ўйинчига айланди.
“Сўғдиёна” – “Навбаҳор” – 1:2. Энг яхши футболчи: Азим Аҳмедов
“Навбаҳор” Жиззахдаги беллашувда жуда муҳим ғалабани қўлга киритди. Натижада наманганликлар турнир пешқадамига айланиб олдилар. Сафардаги беллашувда Самвел Бабаян шогирдлари натижа учун яхши ҳаракат қилдилар. Майдонда Бабаяннинг “ўнг қўли” сифатида тўп сураётган жамоа сардори Азимжон Аҳмедов рақибларнинг ҳужумларини зарарсизлантиришда ва жамоасининг ҳужумларини бошлашда ўрнак бўла олди.
“Нефтчи” – “Андижон” – 2:2. Энг яхши футболчи: Бектемир Абдуманнонов
“Даҳшатли” ўтган водий дербисида “Андижон” футболчиси Бектемир Абдуманнонов яна катта саҳнада. “Бургутлар”нинг бу йилги энг омадли трансфери сифатида эътироф этилаётган ушбу ярим ҳимоячи Фарғонадаги учрашувда ҳам рақибларни шошириб қўйди ва жамоасининг иккала голида иштирок этди. Бектемир биринчи бўлимда ўзи ҳисобни очган бўлса, иккинчи бўлимда Фарҳод Соҳибжоновнинг супер голига ассист қилди. Ўша иккинчи голни ҳам Бекнинг ўзи ишлади. Уни йиқитишди ва жарима зарбасидан ажойиб пасни амалга оширди. “Андижон”нинг киритилаётган аксарият голларида Абдуманнонов қатнашиб келяпти.
“Сурхон” – “Динамо” – 1:1. Энг яхши футболчи: Анвар Ҳожимирзаев
Бир неча йил мобайнида про лигада ўйнаб келган Анвар Ҳожимирзаев бу йил Суперлигада тўп суришга киришди. Унга бундай имкониятни Вадим Абрамов тақдим этди ва у бу қарори нақадар тўғри бўлганини футболчи ўз ўйинлари билан исботлаяпти. Тошкентда “Сурхон”га қарши учрашувнинг қўшиб берилган охирги дақиқаларида Ҳожимирзаев пенальтидан ҳисобни тенглаштирди ва ўйинни ҳам фаол олиб борди. У бошқа учрашувларда ҳам ажралиб турганди. Анвар ҳақли равишда “Динамо”нинг энг яхшиларидан бири бўлиб турибди.
“Насаф” – “Бунёдкор” – 0:0. Энг яхши футболчи: Марин Любич
Ўйиндан олдин “Насаф”нинг имкониятини кўпчилик юқори баҳолаганди. Фаворит мезбонлар эди. Бу ҳолат турнир жадвалидан ҳам маълум эди. Аммо баҳсда 0:0 ҳисоби кузатилди. Учрашувдан кейин “Бунёдкор” бош мураббийи ушбу дурангни қўрқмасдан ғалабага тенглаштирди ва у бу гапни айтганида ҳақ эди. Айниқса, легионер дарвозабони “Насаф”нинг ғалабасига йўл қўймади. Марин Любич “Бунёдкор”даги ўзининг энг зўр ўйинини кўрсатди. Жамоасини бир неча бор муқаррар голлардан сақлаб қолди ва “Бунёдкор”ни қимматли бир очко билан қайтишига катта меҳнати сингди.
“Локомотив” – ОКМК – 0:2. Энг яхши футболчи: Хуршид Ғиёсов
Тошкент дербисида “Локомотив” ўз майдонида Олмалиқнинг ОКМК клубини қабул қилди ва 0:2 ҳисобида мағлубиятга учради. Ўйин охирларида меҳмонлар иккита муҳим голни урди. Хуршид Ғиёсовнинг иккинчи голидан кейин учрашув тақдири узил-кесил ҳал бўлди. Айтиш лозимки, ушбу ўйинчи баҳсни кўтаринки руҳда ўтказди ва ўз меҳнатига яраша беллашувнинг энг яхши футболчисига айланди. Қолаверса, у ўз ҳаракатлари эвазига гол уришга ҳам муносиб эди ва буни амалда бажарди.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар