Гонконг Кубогини ютган легионеримиз: "Очиғи, бундай ажойиб бошланишини кутмагандим"

Гонконг чемпионатида тўп сураётган ягона ҳамюртимиз Шерзод Темировнинг у ердаги ишлари яхши.

Мамлакатнинг энг кучли ва номдор клуби - “Китчи” таркибига қўшилганига ҳали кўп бўлмаганига қарамасдан футболчимиз у ерда дастлабки совринини ютишга муваффақ бўлди.

Куни кеча сайтимиз орқали хабар бериб ўтганимиздек, Шерзод Темиров жамоаси билан Гонконг Кубоги финалида “Ли Ман”га қарши асосий баҳсда 2:2 ўйнади ва пенальтилар сериясида 5:4 ҳисобида ғалаба қозонишди. Натижада Кубокни қўлга киритишди. Шундан сўнг Sports.uz журналисти Темиров билан суҳбатлашди.

- Авваламбор, Гонконг Кубогида ғолиб чиққанингиз билан табриклайман. Қандай ҳиссиётлар бўлди?

- Ассалому алайкум. Аввало, барча футбол мухлисларини кириб келган янги йил билан ўз номимдан табриклайман. Бахт ва омад тарк этмасин. Табрик учун раҳмат. Янги йил жамоамиз учун хайрли ва яхши бошланди. Илк кунданоқ Гонконг Кубогини қўлга киритдик. Жамоамиз билан таассуротлар чексиз. Кубокни қўлга киритиш ҳар бир футболчининг орзуси эди. Барча ўйинчиларга чемпион бўлиш насиб қилсин. Ўзбекистонимизни байроғи бутун дунё бўйлаб юқорига кўтарилаверсин.

темиров2

- Рости, "Китчи"даги фаолиятингиз яхши бошланди. Голлар уриб келяпсиз. Ўзингиз ҳам шундай муваффақиятли бошланишини ўйлаганмидингиз?

- Гапингиз тўғри. Худо хоҳласа, янги жамоамда ўйинларни яхши бошлаб олдим. Албатта, бу жамоам ва мураббийларнинг ёрдами билан. Очиғи, бундай ажойиб бошланишини кутмагандим.

- Гонконг чемпионатида ва жамоангизга кутилганидек тез мослашдингиз ва буни асосий сабаби нимада? Кимлар кўпроқ ёрдам берди?

- Очиғи, мослашиш жараёни вақт талаб қилади. Менга асосан мураббийлар ҳамда жамоадошларим ёрдам бериб келишяпти. Уларга ўз миннатдорлигимни билдираман.

темиров3

- Гонконг чемпионатининг савияси қандай экан? Сизни кўпроқ қайси томонлама ҳайрон қолдиряпти?

- Чемпионат савиясига келсак, жамоалар европача стандарт тизимига ўтишган. Бу эса чемпионат савиясининг ошишига жуда катта ёрдам беради. Футболга яратилган шарт-шароитлар жуда катта. Ҳар бир клуб ўз тактикасига эга. Барча жамоаларда европалик тажрибали мутахассислар ишлашади. Кўпроқ техникага ва тезкор қарши ҳужумларда ўйнашади.

- Сиз учун Гонконгдаги фаолиятингиз олдингиларига нисбатан нимаси билан фарқ қиляпти?

- Мен ёш футболчиман. Олдинги фаолиятим ортда қолиб, тарихга айланган. Энди Худо хоҳласа янги тарих яратиш учун меҳнат қилишим керак.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!