"Good ebening!" Унаи Эмери АПЛга қайтишини МЮ устидан қозонилган ғалаба билан нишонлади, "Ньюкасл" рақибини янчиб ташлади
Англия Премьер лигаси 15-туридан ўрин олган бир нечта учрашувлар ниҳоясига етди. Улардан бирида "Манчестер Юнайтед" "Астон Вилла" майдонида мағлубиятга учради, 1:3.
Мезбонлар сафида Леон Бейли, Люка Динь ҳамда Жейкоб Рэмзи тўп киритди. Рэмзининг ўзи автогол уриб, манчестерликларнинг ягона голига муаллифлик қилди. Шу тариқа, яқиндагина бирмингемликлар бош мураббийлигига тайинланган Унаи Эмери камбэкни ғалаба билан нишонлади.
Шунингдек, бу мавсум жуда зўр ўйин намойиш этаётган "Ньюкасл" "Саутгемптон"ни 4:1 ҳисобида таслим этди.
Мигель Алмирон, Крис Вуд, Жо Уиллок ҳамда Бруно Гимараэш томонидан урилган голларга "авлиёлар" сафида Перро бир маротаба жавоб қайтарди.
Яна бир ўйинда "Кристал Пэлас" ажойиб камбэк эвазига "Вест Хэм"дан устун келди.
Саид Бенраҳма "болғачилар"ни ҳисобда олдинга олиб чиқди. "Бургутлар" Уилфред Заанинг аниқ зарбаси эвазига ҳисобни тенглаштириб, 90+4-дақиқада Майкл Олисенинг голи эвазига ғалабани илиб кетди.
Фикрлар