Григорий Колосовский: "Натижадан қониқмадим. Афтидан, "Андижон" устози ҳам мен каби фикрда бўлса керак"

“Металлург” – “Андижон” (0:0) жамоалари ўртасидаги беллашувдан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида бекободликлар устози Григорий Колосовский иштирок этди.

- Ҳа, учрашув финал ҳуштаги чалингунга қадар ҳаммани босим остида ушлаб турди. Чунки у ёки бу дарвоза олдида голга тортадиган хавфли вазиятлар юзага келди. Биз “Андижон”ни Кубок финалидаги ўйини орқали астойдил ўрганиб чиқдик. Бунга қадар ҳам уларнинг айниқса стандарт вазиятларда хавфли ўйнай олишларини билардик. Шу боис ўйинимизни ҳимоядан кескин қарши ҳужумлар намойиш этишга ҳаракат қилган ҳолда ташкил этишни маъқул топдик. Ҳа, Бубанья ҳимоячиларимиздан бир калла бўйдорлиги учун "иккинчи қават"даги курашларда ютди. Аммо унга бундан самарали фойдаланиш имконини бермадик. Хуллас, рақибдан шунақа ўйин кутган ҳолда тайёргарлик кўргандик. Кўриниб турибдики, уринишларимиз зое кетмади.

- Бўйчан “Андижон” ҳимоячиларига қарши нега жамоангизнинг бўйдор футболчиси Секулич майдонга туширилмади?

- Биласизми, у "иккинчи қават"да унчалик самарали ҳаракатлана олмайди. Бироқ тўпни ўзида яхши сақлай олган ҳолда катта кўламда иш бажаради. Ўринбоев ҳам тўпни яхши сақлай олади ва имкон туғилган заҳоти зарба нуқтасига чиқишга ҳаракат қилди. Секулич -бу бутунлай бошқача ижрочи. Ундан кейинги ўйинда фойданмоқчимиз.

- Учрашув натижасидан қониқдимми? 

- Шогирдларимнинг ўйинига эътирозим йўқ, лекин якуний натижадан кўнглим тўлмади. Чунки бир жойда депсиниб турибмиз. Турнир жадвалидаги ўрнимиздан келиб чиққан ҳолда айтсам, биз яна бир қадам ортга ташладик. Ваҳоланки, “Локомотив” “Бунёдкор”га ютқазиб, биз учун яхши совға тайёрлаганди. Кейинги турда “Навбаҳор” меҳмони бўламиз. Бизни янада жиддий синов кутмоқда.

- “Металлург” бир очко ишладими ёки икки очко йўқотдими?

- Биласизми, учрашувларда ёмон ўйнамаяпмиз, вазиятларни юзага келтирмоқдамиз, фақат улардан фойдаланиш чоғида сира омадимиз чопмаяпти. Вазиятни ўзгартиришга ҳаракат қиламиз. Бахтга қарши қаердадир омадимиз чопмаяпти, баъзида рақиблар маҳоратлироқ чиқмоқда. Қисқаси, якуний натижадан қониқмадим. Афтидан, “Андижон” устози ҳам мен каби фикрда бўлса керак. Нима қиламиз: хафсалани туширмасдан бундан кейин ҳам ишлашда давом этамиз! Яна қайтараман: “Навбаҳор”га қарши баҳс осон бўлмаслиги аниқ. Тўғри, “Навбаҳор”га ҳам осон бўлмайди. Эртага улар дербида “Нефтчи” билган беллашадилар. Қолаверса, яқинда Кубок финалини ўтказдилар. Шунақа экан,  ҳар нарса бўлиши мумкин.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!