Гроссмейстерларимизнинг катта тўқнашувдаги рақиблари аниқ бўлди
Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳрида шахмат бўйича анъанавий “Tata Steel Chess-2025” мусобақасида қатнашадиган дунёнинг энг кучли шахматчилари қаторида ҳамюртларимиз Нодирбек Абдусатторов ва Нодирбек Ёқуббоев дастлабки тур мусобақаларига ҳозирланмоқда.
Айтиш лозим, Нодирбек Абдусатторов турнирнинг “Мастерс” гуруҳида ҳиндистонлик Пентала Харикришна, Рамешбабу Прагнанандха, Аржун Эригайси, Гукеш Доммаражу, Леон Люк Мендонка, нидерландиялик Аниш Гири, Макс Вармердам, Йорден ван Форест, сербиялик Алексей Сарана, хитойлик Вэй И, америкалик Фабиано Каруана, словениялик Владимир Федосеев ва германиялик Винсент Каймер билан ғолиблик учун кураш олиб боради.
Бугун “Мастерс” ва “Челленжер“ гуруҳларида иштирок этадиган шахматчилар учун қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Унга кўра, “Мастерс“ гуруҳида тўртинчи рақам остида таснифланган Нодирбек Абдусатторов 1-турда ҳиндистонлик Рамешбабу Прагнанандха билан куч синашади.
Шунингдек, дастлабки тур ўйинларида Пентала Харикришна – Аржун Эригайси, Макс Вармердам – Алексей Сарана, Вэй И – Фабиано Каруана, Леон Люк Мендонка – Винсент Каймер, Йорден ван Форест – Владимир Федосеев, Гукеш Доммаражу – Аниш Гири рўбарў келади.
“Челленжер“ гуруҳида 14 нафар шахматчи қаторида баҳсларда қатнашаётган Нодирбек Ёқуббоев илк босқичда ҳиндистонлик Дивья Дешмух билан баҳс олиб боради. Йилнинг илк нуфузли мусобақаси бўлган мазкур турнир 13 та турдан иборат бўлиб, мусобақалар 2 февралга қадар давом этади.
Фикрлар