Гвардиола ЕЧЛ финали олдидан "Интер" ҳақида нималар деди?

“Манчестер Сити” бош мураббийи Хосеп Гвардиола нима учун "Интер"ни хавфли рақиб деб билишини тушунтирди.

Эслатиб ўтамиз, "шаҳарликлар" 10 июнь куни Чемпионлар лигаси финалида айнан “нерадзуррилар”га қарши баҳс олиб боради.

“Бу жамоа бой тарихга эга ва тизимли ўйинни жуда яхши ўзлаштирган. Улар ўтган босқичларда ҳужумчилардан фойдаланишда жуда яхши кўрсатгич қайд этишди. "Интер"да майдонни кўра олиш бўйича дунёнинг энг яхши дарвозабонларидан бири Андре Онана бор. Бу бизнинг ишимизни янада қийинлаштиради.

Биз “Интер”нинг ўйинларини иложи борича кўпроқ томоша қилдик ва улар нима учун финалгача етиб келишганини тушундик.

"Интер" биз учун жуда кўп муаммоларни келтириб чиқаради. Бундай мудофаа тизимига қарши ҳужум қилиш осон эмас. Биз юқори суръатда ҳаракат қилишимиз керак, лекин шу билан бирга шошма-шошарлик қилмасдан. Биз бу ўйинда 3-4 та пас билан мақсадимизга эриша олмаймиз.

Италияда "Интер" ҳар бир ўйинни назорат қилишга ўрганиб қолган, уларда яхши комбинацион ўйин бор, шунинг учун биз албатта яхшилаб ҳимояланишимиз керак.

Бу топ жамоага қарши финал ва биз ўз йўлимизни топишимиз керак. Биз ўзимизга ишонамиз ва оптимистмиз, лекин шу билан бирга, рақибларнинг, айниқса Чемпионлар лигаси финалидаги рақибнинг маҳоратини инкор этиб бўлмайди”, - деди “Ман Сити” бош мураббийи.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!