
Гвардиола Ҳусановга сюрприз тайёрлаб қўйди!
“Манчестер Сити” Англия кубогининг бешинчи босқичида ўз мухлислари кўз ўнгида қуйи лига вакили “Плимут” жамоаси футболчиларини қабул қилади.
Бу баҳсда бош мураббий Хосеп Гвардиола таркибда ўзгариш қилиши кутилмоқда. Бу марказий ҳимояга ҳам тегишли бўлади.
Испаниялик мутахассис январь ойида келган ўйинчилардан 19 ёшли марказий ҳимоячи Витор Рейсни бошланғич таркибда майдонга чиқаради.
Аслида қишки трансфер қаҳрамонларидан Абдуқодир Ҳусанов, Умар Мармуш ва Нико Гонсалес беллашувларда мунтазам қатнашиб келмоқда ва асосий таркибнинг муқим аъзоларига айланиб бўлган. 37 миллион еврога олинган Витор Рейс Европа футболида тажрибасиз бўлгани боис, айни пайтда маҳоратини ошириш ва мослашиш жараёнини ўтаяпти.
Бразилиялик ҳимоячи ҳозирга қадар асосий жамоа сафида Англия кубогининг аввалги босқичида “Лейтон Ориент” жамоасига қарши илк дақиқалардан ўйнаган эди. Шундан бери Рейс ўринбосарлар жамоасида турли мусобақаларда қатнашиб юрибди. Бу беллашувда 19 ёшли футболчи ҳимояланиш қобилияти, тезкорлиги, узоқ масофага аниқ пас бериш каби “Манчестер Сити”да алоҳида қадрланадиган хусусиятларини намойиш қилиб келмоқда.
Пеп Гвардиола унга “Плимут” билан бўладиган беллашувда ўйин амалиёти бермоқчи.
- Витор Рейс ҳақиқатан иқтидорли ўйинчи. Бразилиядан келган ёш футболчи бор эътиборини ишга қаратган. У жисмоний тайёргарлиги ва иштиёқи юқори даражада бўлган марказий ҳимоячиларимиздан бири.
Рейс ҳам худди Абдуқодир Ҳусанов сингари жамоага мослашиши учун кўп вақт сарфлагани йўқ. Буз бундан жуда мамнунмиз. Улар машғулотлар жараёнида ҳам ўзини тутиши ва бор салоҳиятини намойиш қилиши билан кўзга ташланмоқда, - деди Хосеп Гвардиода.
“Манчестер Сити” фаолиятини ёритиб келаётган cityxtra.co.uk портали эксперти Фредди Пайнинг ёзишича, Витор Рейсни илк дақиқалардан ўйнатиш орқали мураббийлар штаби кетма-кет кучли рақибларга қарши фаол ўйнаган Абдуқодир Ҳусановга дам бериши мумкин.
- Бу дам олиш кунлари Абдуқодир Ҳусанов учун қандай ўтиши номаълум. Унинг охирги пайтда “Манчестер Сити” сафида турли мусобақалардаги ўйини “февраль ойининг энг яхши футболчиси” номинациясига номининг қўйилишига асос бўлди.
Хосеп Гвардиола ўзбек юлдузини Премьер-лигадаги учрашувларда мавсум охирига қадар ҳимоявий стратегиянинг асосий ўйинчиси, деб билади. Ва шу боис, эндигина 21 ёшни қарши олган Ҳусановга кубок доирасидаги беллашувда ҳордиқ чиқариш учун имкон бериши кутилмоқда, - деб ёзди cityxtra.co.uk портали эксперти Фредди Пай.
Дарҳақиқат, Ҳусанов Англия кубогининг тўртинчи босқичида “Лейтон Ориент” жамоасига қарши баҳсда захирада қолдирилган эди. Бироқ учрашувда рақиб жамоа ҳисобни очгани Гвардиолани кучли футболчиларни майдонга туширишга мажбур қилди. Иккинчи бўлимда ўйинга қўшилган Абдуқодир Ҳусанов гол уриб, жамоа ўйинида бурилиш ясаган эди.
“Манчестер Сити” ва “Плимут” ўртасидаги кубок учрашуви 1 март куни Тошкент вақти билан соат 22:45 да бошланади.
Фикрлар