Гвардиола йирик ғалабадан кейин нималар деди?
“Манчестер Сити” бош мураббийи Хосеп Гвардиола жамоасининг “Кристал Пэлас” устидан қозонган 3:0 ҳисобидаги ғалабаси ҳақида фикр билдирди.
“Шаҳарликлар” Антуан Семеньо, Умар Мармуш ва Савионинг биттадан голи эвазига йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Чемпионат якунланиши икки тур қолганида манчестерликлар мусобақа пешқадами “Арсенал”дан атиги икки очкога ортда қолмоқда.
- “Брентфорд” билан 3:0, “Кристал Пэлас” билан 3:0. Булар ўз услубига эга жуда кучли рақиблар. Мен жуда мамнунман. Энди “Борнмут”га қарши ҳам шуни такрорлашга уринамиз, аммо ҳозирча Англия кубоги финалига эътибор қаратиш керак.
Биз “Арсенал”нинг сўнгги ўйини ҳақида ўйламадик ҳам, гаплашмадик ҳам. Биз фақат ўзимиз қилишимиз керак бўлган ишни қилдик. Ҳар доим паст блокда ўйнайдиган рақибга қарши ҳаракат қилиш қийин, аммо мен биринчи кунданоқ паст блокни ёриб ўтиш устида ишлаяпман, - деди Гвардиола Sky Sports нашрига берган интервьюсида.
“Манчестер Сити”нинг Англия кубогидаги “Челси”га қарши финал ўйини 16 май куни бўлиб ўтади.

Фикрлар