"Ҳафсаламиз пир бўлди, чунки..." ёхуд "Сўғдиёна"нинг легионерига Европадан қизиқиш бор
“Сўғдиёна” жамоаси бу йил ўз тарихида илк бор 2-ўринни эгаллади. Шубҳасиз, жиззахликлар учун катта натижа ва ҳавас қилса арзигулик. Аввало бош мураббий Улуғбек Бақоевнинг хизматлари ва меҳнатларини алоҳида эътироф этса арзийди.
Биринчи навбатда, тўғри таркибни туза олганига беш кетдик. Мақсади йўлида қандай футболчилар кераклигини билди ва топа олди. Айниқса, сербиялик ҳимоячи Лука Чермелга гап бўлиши мумкин эмас.
Биринчи марта юртимизга келиб фаолият олиб борган легионер қандай даражадаги ўйинчилигини кўрсатди-қўйди. Буни “Сўғдиёна”даги статистикасидан яққол билса бўлади. Чермель Суперлигадаги барча – 26 ўйинда бошланғич таркибда майдонга тушди ва деярли ҳаммасини тўлиқ ўтказди. Фақатгина икки ўйинда алмаштирилган холос. Қолаверса, унда интизом масаласида ҳам ишлари жойида. Фақат уч марта сариқ карточка билан жазоланган холос.
Sports.uz мухбири илк бор чемпионатимизда ўйнаган сербиялик легионер билан суҳбатлашди
- Лука, “Сўғдиёна” билан чемпионатни 2-ўринда якунладинглар. Ростини айтганда, мавсум бошида ушбу вазифанинг бажарилишига ишончингиз комилмиди?
- Биз ўз олдимизга мавсумни кучли учликда якунлашни вазифа қилиб қўйгандик. Бу вазифани уддалашнинг устидан чиқдик. Бундан албатта жуда хурсандмиз.
- Бироқ “Сўғдиёна” кумуш медални қўлга киритганига қарамай, Осиё Чемпионлар лигасида иштирок эта олмайди. Бу эса кайфиятингизни буздими?
- Умуман айтишим керакки, бироз ҳафсаламиз пир ҳам бўлди. Чунки Осиё Чемпионлар лигасини кутгандик. У ерда бошқа қоидалар амал қилади. Ваҳоланки, биз худди Европадаги сингари қилишимиз керак бўлган ишни амалга оширгандик.
- Табиийки, сизлар кубок финалида “Пахтакор”га бутунлай мухлислик қилгансизлар?!
- Албатта, кубок финалида “Пахтакор”га мухлислик қилгандик. Бироқ унинг якуни биз учун фойдали чиқмади.
- “Сўғдиёна” билан тузилган шартномангиз ҳам тугаб боряпти. Биз учун қизиқ: бу ерда қолмоқчимисиз ёки кетмоқчимисиз?
- Мен ҳамон клуб тизимидаман. Ҳозирча шуни айтишим мумкин. Албатта, жамоада қолишни истайман. Чунки клуб билан бирга яхши мавсумни ўтказдим. Ўйлайманки, якунда биз барибир бир тўхтамга келамиз.
- Сиз учун қандай таклифлар бор?
- Ҳозирча раҳбарият билан келишувга эришганимизча йўқ. Менинг мақсадим жамоа билан келишувга эришиш. Эҳтимол, кейинчалик Европа сари йўл ҳам очилиб қолар. Менда бу масала юзасидан иккита таклиф бор.
- Сиз фаолиятингизда бир қанча мураббийлар билан ишладингиз. Айтинг-чи, уларнинг орасида Улуғбек Бақоев нимаси билан фарқ қилади?
- Аввало, футболчи ўз устида ишламоғи ва маҳоратини сайқаллаб бориши даркор. Шунда қўйилган мақсадлар бирма-бир амалга ошириб бораверади. Бақоев ўз вақтида яхши футболчи бўлган, энди эса мураббий сифатида ёмон таассурот қолдирмасдан келяпти. У доим мақсад сари одимлайди, шогирдлари билан очиқчасига гаплашишни маъқул кўради. У каби мураббийлар кўп эмас. Буни айтиб ўтмасам бўлмайди. Бунинг учун мен нафақат ундан, балки бутун жамоадошларимдан миннатдорман.
- Лука, сизга юртимиздаги фаолиятингиз давомида кўпроқ нима ёқди?
- Улар (мухлислар) чет эллик ўйинчини қанчалик қадрлашларини, шунинг баробарида инсоннинг қадр-қийматини баҳолай олишлари мумкинлигини ажойиб кўринишда намоён эта олдилар. Асосийси, улар мени аввало инсонгарчилик ва ўйинчи сифатида ажойиб тарзда қабул қилдилар. Бу ерда тўплаган янги тажрибам, шу ерда яшаш менга жуда маъқул келди. Шу билан бирга бу ерда ўзимни ҳар томонлама қулай ҳис қилишим учун ҳамма нарса муҳайё. Палов эса жуда мазали!
Ҳозир кўнглимдан нималар ўтаётганини сўз билан таърифлай олмасам керак. Меҳнатимни эътиборсиз қолдирмаганингиз ва эътирофингиз учун сиздан миннатдорман.
Хуллас, Чермель билан суҳбатимиз шундай кўринишда ўтди. У Суперлигадаги бир йиллик фаолиятидаёқ энг яхши легионерлардан бири эканини намойиш этди. Бизнингча, “Сўғдиёна” клуби уни қўлдан чиқариб юбормаслик чорасини кўрса керак. Аммо шартномаси тугаётганини инобатга олсак, футболчига янада қулай таклифлар бўлишининг ҳам эҳтимоли катта. Биз Лука Чермель билан боғлиқ жараённи кузатишда давом этамиз.
Фикрлар