Ads

Хабарингиз бор, сайтимиз томонидан “Ҳафта воқеликлари” дея номланган лойиҳани тақдим этиб келмоқдамиз. Сиз унда ўзбек, Осиё ва жаҳон футболида содир бўлган ҳафтанинг энг муҳим воқеликлари билан танишишингиз мумкин.

Дастлаб ўзбек футболи ҳақида.

Суперлига клублари сони расман 2тага оширилди. Энди янги мавсумда 14 жамоа иштирок этади. Про-лигада 2-ўринни эгаллаган “Машъал” қолиб, йўқ жойдан “Динамо” ва “Сурхон” чиқиб келди. Яна футбол принциплари четга суриб қўйилди.

Суперлиганинг 2019 йилги мавсумида 14та клуб иштирок этади. Ўзбекистон футбол ассоциацияси Лицензиялаш қўмитаси “Сурхон” ҳамда “Динамо” клубларига шартли равишда Суперлига йўлланмасини тақдим этди.

ЎФА раҳбарияти ҳудудларда футболни ривожлантириш йўлида жонбозлик кўрсатаётган вилоят ҳокимларини қадрлайди. Бунгача Наманган вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов кабилар вилоят футболини ривожлантириш йўлида катта ҳамждаги ишларни амалга ошираётганди. Ортда қолган бир неча ой давомида эса Сурхондарё ва Самарқанд вилоятлари ҳокимлари ҳам ЎФА билан тўлақонли ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирди.

- Сурхондарё вилояти бир неча йиллар давомида катта футболдан узоқда қолди. Эркинжон Турдимов мазкур вилоятга раҳбар этиб тайинлангач, вилоят футболида ижобий ўзгаришлар кузатила бошланди. Айни вақтда “Сурхон” футбол клуби Лицензиялаш қўмитаси илгари сурган барча талабларни бажарди. Вилоятдаги бош стадионни таъмирлашда айни вақтдаги ҳоким Баҳодир Пўлатов ҳам ўз ёрдамини аяётгани йўқ. Эркинжон Турдимовнинг ўзи эса эндиликда Самарқанд вилоятида футболни кўтариш ишларини бошлаб юборди. Мазкур ишлар Ўзбекистон футбол ассоциациясининг эътиборидан четда қолмайди. Шунингдек, ҳар икки вилоятда миллионлаб футбол мухлислари катта футболни соғиниб қолгани учун ҳам “Динамо” ва “Сурхон”га шартли равишда Суперлига йўлланмасини тақдим этиш бўйича қарор қабул қилинди.

Чемпионат стартига бир неча кун қолганда шундай қарор қабул қилдик. Бунгача Суперлиганинг 12та клубини ўз талабларимиз бўйича ишлашга ундай олдик. Энди эса яна икки клуб уларга етиб олиш йўлида меҳнат қилади. Бизнинг мақсадимиз иложи борича каттароқ ҳудудларни футбол билан қамраб олиш, иложи борича кўпроқ мухлисларни футболга қайтаришдан иборат. Мана шундай катта мақсадлар йўлида регламентлардаги кичик ўзгаришларгача боришга тайёрмиз, - деди Умид Аҳмаджонов.

Қуръа ташлаш маросимга 3 соат қолганда ЎФА “Динамо” ва “Сурхон” жамоаларини спорт принципларига зид равишда Суперлига-2019да қатнашишига ижозат берди. Шунақаси ҳам бўлар экан!

“Машъал” нималарнидир баҳона қилиб тушириб юборилгани барчанинг ёдида. Нега энди ўтган мавсум Про-лигада 2-ўринни қўлга киритган муборакликлар эмас, “Сурхон” ва “Динамо” чемпионатга қўйилди. Лицензия талаби деб бонг ураётганлар футбол принципларига кўз юмишди. Стадион, майдон, академия... Шулардан қай бири “Сурхон” ёки “Динамо”да Муборакдагидан яхшироқ? Тўғри, бу икки жамоага яхши ҳомий ва ҳоким ёрдам берар. Лекин қачонгача? Ҳоким ўзгариб, яги келгани футболга бефарқ бўлса-чи? Биз сурхондарёлик ёки самарқандлик мухлисларнинг хурсандчилигига соя солмоқчи эмасмиз. Улар шундоқ ҳам энди яхши режа асосида ишга киришишганди. Бу икки жамоа мақсадлари сари бирин-кетин одимлаётганди. “Сурхон” ва “Динамо”нинг молиявий томондан ишлари юришмоқда.

Наҳотки хоразмлик ёки бошқа ҳудудлардаги мухлислар катта футбол кўриш бахтига муносиб бўлишмаса?

Мавсум бошланишига бир неча кун қолди. Жамоалар 2-3 ойлик йиғинларда топа олмаган яхши футболчиларни Самарқанд жамоаси қандай топмоқчи? Чемпионатда қатнашди дейлик. Натижа нима бўлади? Яна ҳамма чиқмагани яхши эди дейдими? Ҳатто мураббийларнинг ўзи ҳам жамоаси Суперлигада қатнашишини қуръа ташлаш маросими куни эшитди. Қайтанга, таркибни кучайтириб, талабга жавоб берадиган бўлиб, Суперлигага қайтганида жамоанинг бошқалар олдида юзи ёруғ бўларди.

ЎФА ёки ПФЛ иштирокчилар сонини бир айириб, иккинчи мавсум қўшиб қўйиши мумкин. Аммо бунда жамоалар ўз имкониятларини ҳам чамалаб чиқишса айни муддао бўларди. Ҳар ҳолда ортиқча гап сўз қилинаётган катта ишларга раҳна солмагани яхши-да.

 

Ўзбек футболидан бир умрга четлатилган Самвел Бабаян ўзбек футболига қайтди. У келиб бир йиллик сирни ошкол қилди. Вақтнинг ўтишини қаранг, бир пасда бир умр ўтиб кетипди.

Футболдан бир умрга четлатилган Самвел Бабаян 26 февраль куни «Локомотив» футбол клуби президенти маслаҳатчиси этиб тайинлангани ҳақида хабар берилди. Ушбу гап-сўзлардан сўнг кўплаб нашрлар Самвел Бабаян билан интервью ташкил этишди. Унинг айтишича, Дисквалификациям ЎФА томонидан 2018 йил 1 февралдаёқ бекор қилинган экан.

Энг қизиғи, Бабаяннинг бу гапларини ЎФА ҳам тасдиқлаган: «Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан очилган иш 2018 йил 1 февраль куни ёпилган ҳамда Самвел Бабаяннинг дисквалификацияси бекор қилинган». Бунга, ЎФАдан маълум қилишларича, нима учундир «Бунёдкор» футбол клуби томонидан тақдим этилган билдирги (кафиллик хати) асос қилинган.

Асосий фаолияти «Пахтакор»да кечган Бабаяннинг ёнини нима учун бирдан «Бунёдкор» олиб қолгани номаълум; ЎФАнинг таъкидлашича, «Бунёдкор» тақдим этган билдиргида ҳатто «давлат раҳбарининг шахсан ўзи ҳам билиб-билмай айб қилган ва ўз айбидан чуқур пушаймон бўлган шахсларни афв этаётган» бир вақтда Бабаянга ҳам «ёрдам қўлини чўзиш зарур»лиги айтилган. “Бунёдкор” нега Бабаянга кафиллик қилгани ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган. Ваҳоланки, ўша пайтлари “қалдирғочлар”нинг ўзларига кафил инсон керак эди. Очиғи, бу баёнотда ниманидир тушунмадик. Сизчи?

Умуман олганда, Бабаяннинг дисквалификацияси 2018 йил 1 февралида бекор қилингани сир эмас эди – «футболдан бир умрга четлатилган» мутахассис Латвия футбол клубида иш бошлаганидаёқ маълум бўлган эди бу. Лекин, биласизми, ЎФА биринчи-вице президенти Умид Аҳмаджонов 2018 йил апрелида шундай деганди:

- Бабаян борасида позициямиз ўзгармайди. Миллий терма жамоадан ўз манфаати йўлида фойдаланган деб ҳисоблаганимиз учун ҳам яқин орада ўзбек футболига қайтаришни режалаштираётганимиз йўқ. ЎФА қарори фақат биз (Ўзбекистон) учун амалда бўлади. Халқаро миқёсда эса омадини берсин, - деганди Аҳмаджонов.

Шунингдек, у 2018 йили «2019 йилда Суперлигада жамоалар сони 12 тадан оширилмайди» деганди, лекин 2019 йил февралида эса «жойларда футболни оммалаштиришдек катта мақсадлар йўлида регламентга жамоалар сонини 14 тагача оширишдек кичик ўзгартиришлар киритишга тайёрмиз», дегандек бўлди.

Ҳўш, қайси гапга ишонайлик. Аввалгисигами ёки охирги айтганигами? Хуллас, ўзингизга ҳавола.

Шундай қилиб, ЎФА «бир умрга футболдан четлатиши» атиги ярим ойни ташкил этгани маълум бўлди.

 

ЎФАнинг Самвел Бабаян билан боғлиқ баёноти "Локомотив" раҳбариятига ёқмади ва клуб вакиллари изоҳ талаб қилишди. ЎФА матбуот хизмати эса расмий тарзда жавоб бермади. Балки ўзаро келишиб олишгандир. Аммо расмий мурожаатга расмий жавоб берилгани йўқда. Ҳар ҳолда доим ошкоралик ҳақида бонг урадиган ташкилот бунга амал қилгани яхши

Ўзбекистон футбол ассоциацияси расмий сайтида “Самвел Бабаян “Бунёдкор” кафиллиги остида ЎФА Ижроқўми томонидан афв этилган” сарлавҳали мақола чоп этилди.

Бунда маълум муддат танаффусдан сўнг шу йилнинг 26 февраль санасидан бошлаб “Локомотив” профессионал футбол клуби Президент маслаҳатчиси сифатида иш бошлаган Самвел Бабаяннинг ўзбек футболидан четлатилгани ҳамда кейинчалик ЎФА Ижроқўми ишни кўриб чиқиши натижасида яна қайтарилгани ҳақида гап борган.

“Локомотив” ПФКнинг эътирозига сабаб бўлган жумла эса хабар охирида келтирилган. Унда шундай дейилади: “ЎФА бундан буён Самвел Бабаян Ўзбекистоннинг ҳеч қайси терма жамоасида фаолият юритишига йўл қўймайди. Қўшимчасига, кейинги фаолиятини Самвел Бабаянсиз тасаввур қила олмаган “Локомотив” футбол клубининг қарорига ҳам қаршилик кўрсатмайди”.

Бундан буён Самвел Бабаяннинг ҳеч қайси терма жамоада ишлашига йўл қўймаслиги бу ЎФАнинг масаласи, бунга клуб аралаша олмайди. Лекин нима сабабдан хабар “Қўшимчасига, кейинги фаолиятини Самвел Бабаянсиз тасаввур қила олмаган “Локомотив” футбол клубининг қарорига ҳам қаршилик кўрсатмайди” деган гап билан тугаган, “Локомотив” ПФК шунисига ҳайрон.

Охирги гапда “Кейинги фаолиятини Самвел Бабаянсиз тасаввур қила олмаган “Локомотив” футбол клубининг қарорига…” деган жойини қандай тушуниш керак? Бу “Локомотив” Бабаянсиз ўз фаолиятини тасаввур қила олмайди деган маънони беряптими? Маълумки, “Локомотив” футбол клуби шу пайтгача уч марта Ўзбекистон миллий чемпионати, уч марта Ўзбекистон Кубоги ҳамда икки бор Ўзбекистон Суперкубогида ғолибликни қўлга киритган ва буларнинг бирортасида Самвел Бабаяннинг қўли бўлмаган.

Бундан кўриниб турибдики, клуб шу пайтгача Самвел Бабаянсиз ҳам ўз мақсади йўлида давом этган ва бугунги кунга келиб “Локомотив” ПФК раҳбарияти таклифига биноан ўзбек футболидаги етук мутахассислардан бири Самвел Бабаян клуб ривожига янада ҳисса қўшсин деган яхши ниятлар билан клуб Президенти маслаҳатчиси лавозимига қабул қилинди.

Гапнинг очиғи, хабар билан танишиб чиққан “Локомотив” ПФК раҳбариятига охирги жумла ёқмади. “Локомотив” яққол бир кишининг шахсий клуби эмас. Бу “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга тегишли ташкилот ҳисобланади ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ҳомийлиги остида турли мусобақаларда иштирок этади. Қолаверса “Локомотив” қайсидир шахссиз тасаввур қилиб бўлмайдиган клуб ҳам эмас. Ўтган йиллар ичида қанча одам ишлаб кетди, лекин поезд мудом ўз темирйўли устида юргани каби “Локомотив” ҳам ўзи танлаб олган йўл бўйича одимлашда давом этмоқда.

ЎФА расмий сайтида келтирилган хабардан келиб чиққан ҳолда “Локомотив” ПФК раҳбарияти ЎФА матбуот хизматидан охирги жумла учун тушунтириш беришни сўрайди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра ҳар бир инсон касбий фаолият юритиш ҳуқуқига эга эканлигини эслатиб ўтади.

“Локомотив”нинг бу эътирози ўринли. Чунки ЎФА сайти расмий ташкилот ҳисобланади. Пичинг ва кесатиқ тарзда маълумотлар тарқатадиган сариқ матбуот эмас. ЎФА матбуот хизмати “Локомотив”нинг сўраган изоҳига расмий тарзда жавоб бермади. Балки ўзаро келишиб олишгандир. Аммо расмий мурожаатга расмий жавоб берилгани яхшида.

 

Испания кубоги ярим финал жавоб ўйинида “Реал” мағлуб этилди. "Барселона" яна Мадридда ғалаба қозонди ва финалга йўл олди

Испания кубоги ярим финал жавоб баҳсидан ўрин олган “Реал” ҳамда “Барселона” жамоалари ўртасидаги учрашувда йирик ҳисоб қайд этилди. Каталонияликлар яна Мадридда йирик ҳисобда зафар қучишди. Қизиқарли кечган баҳс 0:3 ҳисобида “Барса” фойдасига ҳал бўлди.

Учрашувда Луис Суарес хет-трик қайд этиши мумкин эди. Унинг ҳаракатлари эвазига киритилган гол Рафаэль Варанга автогол қилиб ёзилди. Натижада уругвайлик ҳужумчи дублга эришди. Шу тариқа Суарес “Барселона” тарихида “Реал”га қарши ўйинларда энг кўп гол урган футболчилар учлигига кириб олди. Унинг ҳисобида 12та гол мавжуд. Бу борада футболчи фақатгина Сезар Родригес (14) ва Лионель Мессидан (26) ортда қолмоқда.

Эътиборлиси, каталонияликлар юлдузи Лионель Месси ўзининг “Реал”га қарши “Сантьяго Бернабеу”да қозонган ғалабалар сонини 11тага етказиб олди ва бу борада рекордчига айланди.

Ўз навбатида шу куни мадридликлар ҳимоячиси Серхио Рамос ҳам рекорд ўрнатди. Фақат, антирекорд. Гап шундаки, Рамоснинг “Барселона”га қарши “Сантьяго Бернабеу”даги беллашувларда учраган мағлубиятлари сони 11тага етди ва у ҳам бу борада “якка пешқадам”га айланиб олди.

“Қироллик клуби” жорий мавсумдаги 5-йирик мағлубиятини тан олди. Бундан аввал мадридликлар ЦСКА, "Эйбар", "Севилья" ва "Барселона" клубларига 3 ва ундан ортиқ тўп фарқи билан имкониятни бой беришган эди. Маълум бўлишича, “Реал” бундай ҳолатга 1995/1996 йилги мавсумдан буён илк бор тушди.

Яна бир қизиқ, маълумот. “Реал” ҳамда “Барселона” жамоалари ўртасидаги Испания кубоги жавоб баҳси (0:3) вақтида Карим Бенземанинг уйинини тунаб кетишди. Ҳозирча, бу ишни ким ва нима сабабдан қилгани маълум эмас.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Dastan Uteuliev
03/03/2019 11:22
Умид Ахмаджонов нима килсин узи порахор булса