"Ҳафта воқеликлари"нинг бу сони Суперлига 2-тур рақамлари, ПФЛ ва Илҳом Мўминжоновга бағишланади (Видео)
Хабарингиз бор, сайтимиз томонидан “Ҳафта воқеликлари” дея номланган лойиҳани тақдим этиб келмоқдамиз. Сиз унда ўзбек, Осиё ва жаҳон футболида содир бўлган ҳафтанинг энг муҳим воқеликлари билан танишишингиз мумкин.
Дастлаб ўзбек футболи ҳақида.
1.Суперлигада 2-тур ўйинлари якунланди. Унда бир қатор рақамлар эътиборимизни тортди. Олег Зотеев 100лик маррани забт этди, "Бухоро" 2 та ўйинда ҳам гол ура олмаган ягона жамоа, Шимолий америкалик футболчи чемпионатимизда гол урди, “Сурхон” эса 15 йил деганда ғалаба қозонди
Олег Зотеев 100лик маррани забт этди
2015 йилдан бери "Локомотив" таркибида тўп тепиб келаётган Олег Зотеев ўзига хос рекорд қайд этди.
Гап шундаки, чап қанот ҳимоячисининг "Локо" сафида Ўзбекистон миллий чемпионатидаги ўйинлари сони 100 тага етди. Маълумот учун, Зотеев 2015 йил "Локомотив"да 20 та, 2016 йил 26 та, 2017 йил 25 та ва 2018 йил 28 та учрашувда майдонга тушган.
У шунингдек, олий лигада "темирйўлчилар" либосида 7 та гол урган. Бу мавсум ҳисобидан эса Зотеев Суперлига 1-турида "Пахтакор"га қарши тўп тепганини ҳам ҳисобга олсак, чемпионатларлардаги ўйинлари 100 тага етди.
"Локомотив"га келгунига қадар "Олмалиқ" ва "Бунёдкор" сафида ҳаракат қилган футболчи ҳар икки клуб сафида жами 90 та ўйин ўтказганди. Эндиликда унинг чемпионатдаги барча ўйинлари сони 190 тани ташкил қилмоқда.
"Бухоро" 2 та ўйинда ҳам гол ура олмаган ягона жамоа
Хабарингиз бор, кеча Суперлига 2-тур ўйинлари якунланди. Эътиборлиси, "Бухоро" клуби мана иккинчи ўйиндирки, рақиблар дарвозасига йўл топа олмаяпти.
Дастлабки турда АГМК билан дуранг ўйнаган Бахтиёр Ашурматов шогирдлари бу гал Бекободда "Металлург"дан енгилди - 2:0.
Шимолий америкалик футболчи чемпионатимизда гол урди
Суперлига 2-туридан ўрин олган «Қизилқум» - АГМК ўйинида 3:1 ҳисоби қайд этилди.
Илк дақиқадаёқ мезбонлар ҳужумчиси Ариагнер Смит рақиб дарвозасини ишғол этди. Натижада, Ўзбекистон чемпионатлари тарихида илк маротаба Шимолий америкалик футболчи гол уришга эришди.
Ариагнер Смит 1998 йилда Никарагуада туғилган. Фаолияти давомида «Реал Эстели» (Никарагуа) ва «Спартак» (Юрмала, Латвия) клубларида ўйнаган. 2019 йилда «Қизилқум» сафига келиб қўшилган. Никарагуа миллий жамоаси сафида 3 та баҳсда майдонга тушган.
Қайд қилиш жоизки, шу пайтгача Ўзбекистон чемпионати юқори лигасида Европа, Жанубий Америка, Африка ва осиёлик футболчилар гол уришга муваффақ бўлишган эди.
15 йил деганда “Сурхон” ғалаба қозонди
“Сурхон” ҳамда “Динамо” клублари ўртасидаги учрашувда мезбонлар зафар қучишди. Унда узоқ йиллик танаффусдан кейин яна олий дивизионга қайтган термизликлар муҳим ғалабага эришишди. Ўйиннинг 2-дақиқасида Шерзод Ҳакимов томонидан киритилган гол “Сурхон”га 15 йил кутилган ғалабани тақдим этди.
Эслатиб ўтамиз, Ҳакимов 1-тур доирасида “Металлург” жамоаси дарвозасини ҳам ишғол қилганди. Шу тариқа асли фарғоналик бўлган ҳужумчи Суперлига тўпурарлари сафидан жой олди.
2.Бир йилга футболдан четлатилган Илҳом Мўминжонов яна 4 йилга кесилди. Энди Мўминжонов 5 йил футболсиз қоладиган бўлди.
Илҳом Мўминжонов 50 миллион сўм жаримага тортилди ҳамда 5 йилга футболдан четлатилди
Ўзбекистон футбол ассоциацияси Этика қўмитасининг 2019 йил 20 февралдаги йиғилиш қарорига асосан, ЎФА Футбол фаолиятини назорат қилиш бошқармасига Наманганнинг “Навбаҳор” клуби собиқ бош мураббийи Илҳом Мўминжоновнинг келишилган ўйинларга алоқадорлиги юзасидан ўрганиш ва суриштирув ишларини олиб бориш юклатилганди.
ЎФА футбол фаолиятини назорат қилиш бошқармаси томонидан Илҳом Мўминжоновнинг фаолиятига қонуний баҳо бериш мақсадида у билан бирга фаолият олиб борган футболчилар ва расмий шахслар суҳбатга чақирилди ҳамда улар билан суҳбатлар ўтказилди. Аниқланган маълумотлар натижасида йиғилган бир қатор ҳужжат-далиллар кўриб чиқиш учун ЎФА Этика қўмитасига тақдим қилинди.
Қўмитаси тақдим қилинган ҳужжат ва даллиларни ўрганиб чиқиб, 1 апрель куни ЎФА биносида якуний йиғилишини ўтказди. Бу ҳақда ташкилот расмий сайти хабар бермоқда.
Илҳом Мўминжонов 2017 йил мавсумида келишилган ўйинларни ташкил қилиш, жумладан, ўйин натижасига таъсир қилиш мақсадида “Навбаҳор” ПФКнинг бир қатор футболчиларини ўйинни сотишга ундагани учун, 50.000.000 (эллик) миллион сўм миқдоридаги жаримага тортилди
Мўминжонов 1 (бир) йил муддатга футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлаштирилганлигини инобатга олиб, 4 (тўрт) йил муддатга футболдаги ҳар қандай фаолиятдан четлаштириш, умумий ҳисобда 5 (беш) йил муддатга четлаштирилди.
“Сурхон” ПФК техник директори Шерзод Шарипов қўмитага ва ЎФАнинг расмий вакилларига суриштирув жараёнида ёлғон кўрсатма берганлиги ва қўмитани вазият юзасидан қарор чиқаришда чалкаштиришга ҳаракат қилгани учун 2019 йил охирига қадар футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлаштирилди.
“Сурхон” ПФК жамоаси сардори Дилшод Жабборов “Навбаҳор лочинлари” ПФКнинг собиқ бош мураббийси Илҳом Мўминжоновга 2017 йил мавсумида келишилган ўйинларни ташкил қилишга ёрдам берганлиги ва футболчиларни ўйинни сотишга ундагани, шунингдек, қўмитанинг ёзма ва оғзаки сўровларига эътибор бермай узрли сабабсиз қўмита йиғилишларига келмаганлиги учун у ҳам 2019 йил охирига қадар футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлаштирилди.
3.ПФЛ ўзини инкор қилишда давом этади. Ўйин кўчирилди. Ўйиннинг кўчирилишини тўғри тушундик. Лекин хабардаги жумлаларни эса сизга улашдик.
Ўзини ўзи инкор қилавериб чарчамайдиган ПФЛ!!!
ПФЛда азалдан қизиқ ишлар бўлиб келган. Аввалги хабарлар ҳозиргисига тўғри келмайди. Буни жуда кўп марта кўрганмиз. Айнан исботлаш шарт эмас. Буни ўзлари ҳам жуда яхши билишади.
Куни кеча ПФЛ навбатдаги хабарларни чоп этишда яна ўзини инкор қилди. Яъни аввалига 3-тур ўйинларининг бошланиш вақтлари эълон қилинди. Унда қуйидаги жумлалар битилганди: - “Андижон” ва “Локомотив” футбол клублари иштирокидаги ўйин масаласи очиқ қолди. Бунгача “Навбаҳор” футбол клуби икки бор бошқа стадионлар билан музокара ўтказишга улгурди. “Андижон” эса келишувга эриша олмади.
Профессионал футбол лигаси “Локомотив”га қарши беллашувни “Металлург” стадионида ўтказиш таклифини берди. Бу борада бекободликлар ҳам “Андижон” клубини қўллаб-қувватлашга тайёр. ЎзПФЛ “Соғлом авлод” стадионидаги очилиш ўйини 3-турга тўғри келиши масаласини яхшилаб ўйлаб кўриш керак деб ҳисоблайди. Вилоятда амалга оширилган ижобий ишлар қисқа муддатли бўлмаслиги йўлида бу жиҳат жуда муҳимдир.
Регламентга кўра, “Локомотив”га қарши беллашув масаласи бир неча кун аввал ҳал қилиниши керак эди. “Соғлом авлод” стадионидаги ўзгаришлар сабабгина ЎзПФЛ клубга етарлича имконият тақдим этди.
Маълумот учун, “Локомотив”га қарши беллашувни Тошкентга кўчиришнинг имконияти йўқ. Чунки шу куни “Пахтакор” ҳам Тошкент шаҳрида ўйин ўтказади. ИИБ билан келишувга кўра, битта шаҳарда бир вақтнинг ўзида икки учрашув ўтказиш имконсиз. Учрашувни бошқа санага кўчириш масаласидаги хатларига “Пахтакор”, “Навбаҳор” каби клублар ҳам рад жавобини олганидан келиб чиқиб, ЎзПФЛ бу масалани кўриб чиқмайди.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай ПФЛ бош директори маслаҳатчиси Диёр Имомхўжаев телеграмдаги ўзининг саҳифасида қуйидаги фикрларни ёзиб қолдирди: - “Андижон” — “Локомотив” ўйини масаласи ҳаммани бирдек қийнади. Охирида икки йўл қолди:
▪️ Ўйин санасини кўчирмай, “Соғлом авлод” стадионига рухсат бериш
▪️ Ўйин санасини кўчириб, янгиланаётган стадионга имконият бериш
Якунда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси иккинчи йўлни танлади. Стадионлар масаласида ижобий ўзгаришлар қилаётган клубларни қўллаб-қувватлаш керак. “Локомотив”га қарши учрашув 4 апрель куни Тошкент шаҳрида бўлади. Иккинчи даврада эса “Локомотив” Андижонга келади.
Мазкур ҳолатни тўғри тушунгани ва “Андижон” томонидан берилган таклифга ижобий жавоб қайтаргани учун “Локомотив” футбол клубига миннатдорчилик билдирамиз. “Соғлом авлод” стадионидаги ишлар эса жадал руҳда давом этишига тилакдошмиз. Яхши стадионлар кўпайиши учун ЎзПФЛ барча танқидларни қабул қилишга тайёр.
ПФЛ расмий сайтидаги жумла билан Диёр Имомхўжаев ёзган гаплардаги инкор фикрларни кўрган бўлсангиз керак. Аммо орадан ҳеч қанча вақт ўтмай ПФЛ сайтида чиққан дастлабки хабар ўчириб ташланди. Ушбу ҳолат бўйича қисқача: Клубларнинг майдон масаласида қилаётган яхши ишлари сабаб ўйинлар кўчирилишини тўғри тушунамиз. Аммо расмий ташкилотнинг расмий хабарларида ортиқча гаплар бизнингча ҳақиқатдан ҳам ортиқчадир. Чунки аввалги гаплар орадан ҳеч қанча вақт ўтмай акси бўлмоқда.
Бу гал хориж футболига тўхталиб ўтирмадик. Чунки ўзимизнинг футболда чет элникидан қолишмайдиган воқеалар етарлича топилади. Шу боис хориж футбол мухлислари бизни тўғри тушунасиз деган умиддамиз.
Фикрлар