Ҳаким Фузайлов "Бухоро"нинг дастлабки ғалабаси қандай қўлга киритилгани хусусида гапирди
Про лиганинг дастлабки иккита турида дуранг ўйнаган “Бухоро” клуби бугун 3-турда Муборакдаги Баҳром Вафоев номли стадионда мезбон жамоа сифатида “Турон”ни қабул қилди.
Қизиқарли кечган ўйинда “Бухоро” 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, илк ғалабасини қўлга киритди. Учрашувдан сўнг, бухороликлар бош мураббийи Ҳаким Фузайлов баҳс ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
- Ўйин ҳақида нима дейишим мумкин, ҳар доим айтган гапимни яна такрорлайман: про лигада осон ўйин бўлмайди. Ушбу чемпионат ўз нуфузига эга бўляпти. Кучсиз жамоаларнинг ўзи йўқ. Бугунги ўйин ҳам бунинг ёрқин исботи.
“Турон” жамоаси мавсум стартини жуда яхши бошлади, кетма-кет 2 та ғалабага эришишди. Футболчиларимнинг ғалабага бўлган иштиёқлари мени бугун хурсанд қилди.
Ўйинга келсак, жамоалар бир-бирига муносиб кўринишди. Футболчиларим биринчи ғалабани муносиб равишда қўлга киритишди. Рақибдан фарқли ўлароқ, голга тортадиган вазиятлар бизда кўпроқ содир бўлди, менимча.
"Бухоро" матбуот хизмати.
Фикрлар