Ҳаким Фузайлов: "Жамоам 75 фоизга янгиланди, уларга озгина ишонч етишмаяпти"
Бугун про лиганинг 2-турига старт берилди. Ғузорда “Шўртан” ўз майдонида “Бухоро” билан куч синашди ва унда 0:0 ҳисоби қайд этилди.
Шу тариқа, бухороликлар чемпионатни кетма-кет иккита дуранг билан бошладилар. Ғузордаги беллашувдан кейин “Бухоро” бош мураббийи Ҳаким Фузайлов бугунги учрашув борасида клуб матбуот хизматига ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
“Ҳозир мавсумнинг бошида бунақа ўйинлар бўлиши табиий ҳол. Олдин айтганимдек, мен ўтган йили ҳам про лигада ишлагандим ва яна қайтараман: лигада кучсиз жамоалар йўқ, ҳисоби. Турдан-турга қизиқарли ўйинлар кўпайиб бораверади. Ўйин жиҳатидан ҳам жамоалар бир-бирига яқин. Шу сабабли қийинчиликлар бўлиб туради.
Яна айтаман: мавсум энди бошланди. Баҳор фасли, машғулотларимиз бир салқинда, бир ёмғир остида ўтяпти. Масалан, бугун дим ҳавода тўп сурдик, бу ҳам ўзига яраша қийинчиликлар туғдирди. Шунга қарамай, бутун ўйин давомида жамоалар барчани хаяжонда ушлаб туришди. Жамоам 75 фоизга янгиланган. Уларга озгина ишонч етишмаяпти. Лекин мен футболчиларимга ишонаман. Уларга вақт керак ва албатта ғалабалар бўлади”, - деди Ҳаким Қаюмович.
Фикрлар