Ҳаким Фузайлов: "Олдинда 5 та ўйин бор ва бу 15 очко дегани"

Про-лига 19-тури доирасидаги «Нурафшон» - «Динамо» (0:2) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида дастлаб Самарқанд жамоаси бош мураббийи Ҳаким Фузайловнинг фикрлари билан қизиқдик.

- Ҳаким Қаюмович, муҳим ўйиндаги ғалаба билан табриклаймиз. Ўйин борасидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз...

- Иккинчи босқичдаги ҳар бир очконинг қадри баланд. Олдин ҳам айтгандим, про-лигада осон ўтадиган ўйиннинг ўзи йўқ. Кутганимиздек, жуда ҳам асабий ва оғир ўйин бўлди. Энг аввало футболчиларимизга миннатдорчилик билдираман, улар қийинчиликларга қарамай, ўйин охиригача кураш олиб боришди ва якунда ғалаба қозонишди. Ўйиннинг қандай ўтгани менга ёқди. Тўғри, ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам кичик хатоларимиз бор. Ўйинни таҳлил қилиб, хулоса чиқарамиз. Бугун жамоа характери эвазига ўйинда ғолиб чиқди.

- Жамоанинг асосий ҳимоячиларидан бири Дмитро Сидоренконинг таркибда йўқлиги нима билан боғлиқ?

- У жароҳати сабабли Бухорога кела олмади. Шунингдек, Олег Марчук ҳам бироз шамоллагани боис асосий таркибдан ўрин олмади. Қолаверса, Сирож Мелиев ва Фарҳод Раҳматов ҳам кеча бироз бетоб эди.

- «Динамо» 6 очколи ўйинда асосий таъқибчисини мағлуб этди, дейиш мумкин ва орадаги очколар фарқини 7 тага етказди. Айтинг-чи, «Динамо» Суперлигага чиқиш вазифасини неча фоизга бажарди, десак бўлади?

- Бу ҳақда гапиришга ҳали эрта деб ҳисоблайман. Тўғри, бугун 6 очколи ўйин бўлди, аммо фақат бугунги баҳс эмас, ушбу босқичда тўрт жамоа иштирокидаги ҳар бир ўйин 6 очколик бўлади. Олдинда 5 ўйин бор ва бу 15 очко учун кураш дегани. Шундай экан, ҳаммаси ҳали олдинда.

- Бугун пенальти ишлаб, гол урган Рўзимбой Аҳмедов жамоа футболчиларига қанчалик таъсир ўтказа олмоқда?

- У катта тажрибага эга футболчи. Рўзимбой жамоамизга келгани билан ўзининг етакчилик қобилиятини ишга солмоқда. Аҳмедов ҳозирги ёшида ҳам ҳар машғулотда тер тўкиб ишламоқда, ҳеч бир машғулотларни ўтказиб юбормайди. У жамоадаги ёшларга ўрнак бўладиган ўйинчи.

“Динамо” матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!