Ҳаким Фузайлов: "Ўйинимизни футбол деб айта олмайман, антифутбол!"
Про лига 22-тури доирасидаги «Динамо» - «Нурафшон» (1:2) учрашувидан кейин самарқандликлар устози Ҳаким Фузайлов ўйин борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
«Бугунги ўйинимизни футбол, деб атай олмайман. Антифутбол эди, футболчилар кўрсатмаларни бажара олишмади. Ўйинни таҳлил қиламиз. Шундай таассуротки, футболчилар аллақачон таътилга чиққандек ўйнади. Ўйинимиз жуда ёмон чиқди.
Ҳа, биринчи бўлимда кичик устунлик бизда эди, аммо ўйинчилар хотиржамликка берилгани сезилди. Ўзгаришлар қилингач, майдонга тушган ўйинчилар ўз имкониятларидан паст тўп сурди.
Жуда аламли мағлубиятга учрадик. Тўғри, вазифа уддаланиб, Суперлигага чиқдик, аммо профессионаллардек охиригача курашишимиз шарт. Чемпионат ҳали тугагани йўқ. Яна олдинда иккита тур бор, охиригача ўйнаш керак. Бироқ ўйинда бугунгидек шижоатсиз тўп суриш мумкин эмас. Мотивация етишмаслиги? Ҳар қандай ҳолатда ҳам майдонга тушгач, профессионаллардек охиригача курашиш ва ўйинга 100 фоиз борини бериш керак. Бугун иштиёқ кўринмади», - дейди «Динамо» жамоаси бош мураббийи Ҳаким Фузайлов.
“Динамо” матбуот хизмати.
Фикрлар