Ҳаким Фузайлов: "Про-лигада яққол кучли клуб йўқ"

Про-лига 2-тури доирасидаги “Истиқлол” – “Динамо” (1:2) учрашувидан кейин самарқандликлар бош мураббийи Ҳаким Фузайлов Фарғонадаги учрашув ҳақида тўхталди.

“Фарғонадаги ўйин бошидан қийин ўтишини билардик. Чунки аввал ҳам айтгандим, про-лигада яққол кучли клуб йўқ, жамоалар кучи деярли тенг. Сабаби, ўз олдига фақат Суперлигани қўйган клублар таркиби ҳам деярли тўлиқ янгиланган ва янги ўйинчилар майдонда ўзаро тил топишиб кетиши учун вақт керак бўлади. Бутун мавсум давомидаги ўйинлар бугунгидек деярли тенг курашлар остида ўтишини ва қайси клуб ўйин давомида кўпроқ меҳнат қилса, ўша жамоа ғалабани илиб кетиши мумкин.

Михайло Удод нега захирада қоляпти? Бу футболчимиз келганига ҳали кўп бўлмади ва яқинда назорат баҳсида жароҳат ҳам олди. У янги муҳитга мослашиши учун вақт керак бўлади.

Ёшлар жамоаси сафида бўлган Шохруҳ Абдураҳмонов ўрнини тўлдириш учун олдимизда вариантлар бор. Бугун Абдураҳмоновнинг ўрнида ҳаракат қилган Сирож Мелиев гол урди, ўтган ўйинда Темур Ҳакимов ўйнаганди, Олег Марчук ҳам бор. Шохруҳ Туркиядан қайтмоқда, у кейинги ўйинларда “Динамо”га ёрдам бера олади. Абдураҳмоновдан ҳам умидимиз катта.

Дарвозабонимизнинг ўйини ҳақида? Фарҳод Раҳматов ҳали ёш посбон, ундан ҳам умидимиз катта. Тўғри, ҳали хатолари бор, аммо у ўз устида ишлашда давом этмоқда. Ўз устида тинмай ишлашда давом этса, у келажакда яхши дарвозабонга айланиши мумкин.

Таркибдаги ротация? Албатта, икки ўйинда ғалаба қозонганимизга қарамай, таркибда ўзгаришлар қилишда давом этамиз. Кейинги ўйинларда ҳам ким яхшироқ тайёргарлик кўрса, ўша майдонга тушади. Бизда яхши дарвозабонлар билан бирга ҳимоячи, ярим ҳимоячи ва ҳужумчилар бор. Улардан фойдаланамиз.

Тожикистонлик ўйинчиларни Самарқандда кўришимиз мумкинми? Тўғри, сиз айтгандек Ўзбекистон чемпионатида Эҳсони Паншанбе сингари тожикистонлик яхши ўйинчилар тўп суришмоқда. Эҳсони ўзимни қўл остимда ҳам Тожикистон миллий жамоасида тўп сурган. У яхши ўйинчи. Агар молиявий имкониятимиз етса, кейинчалик тожикистонлик ўйинчилар ҳам таркибда бўлишлари мумкин. Ҳозирги ҳолатимизда уларни таклиф этишимиз қийин, аммо келажакда балки яхши ўйинчи бўлса, чақиришимиз мумкин бўлар”, - дейди “Динамо” бош мураббийи.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!