Ҳаким Фузайлов: "Танаффусда ҳеч қандай сеҳрли сўз айтганим йўқ"

Про-лига 1-тури доирасидаги “Динамо” – “Янгиер” (2:1) учрашувидан кейин мезбонлар бош мураббийи Ҳаким Фузайлов журналистлар саволларига жавоб қайтарди.

- Энг аввало, барча “Динамо” мухлисларини ғалаба билан табриклайман. Ўйиндан олдин йигитларга бу баҳс очилиш учрашуви экани, про-лигада кучсиз клуб йўқлиги ҳақида айтгандим. Мавсум бошида ҳар бир баҳс оғир ўтиши, ғалаба учун охиригача курашиш шартлигини билардик. Футболчиларимиз майдонда бир-бирларини ўзаро қўллаб-қувватлашди, ғалаба учун бор кучларини сарфлашди. Тўпга имкон қадар эгалик қилишга ҳаракат қилдик, рақиб эса қарши ҳужумда хавфли эканини кўрсатди. Ҳозирдан шуниси аниқки, про-лигада ҳеч кимга осон бўлмайди, чунки жамоалар кучи деярли тенг. Битта биз эмас, барча клублар Суперлига йўлланмаси учун кураш олиб борса керак.

Танаффусдан кейин ҳеч қандай сеҳрли сўз айтганим йўқ, шунчаки жамоа ўйинини кучайтириш кераклигини тушунтирдим. Ўзгаришлар туфайли ҳужумкорлигимиз ошди. Таркибимиз 90 фоизга янгилангани боис, ўйиндан-ўйингача кучайиб боришимизга ишонаман.

Самарқандга жамоани Суперлигага олиб чиқиш учун келганман. Аммо ҳали жамоамиз янги, дарҳол кучайиб кетишимизни айтиш қийин. Ҳар учрашувда рақибдан кучлироқ ўйин кўрсатсак, вазиятлардан фойдалана олсак ўйиндан-ўйинга муҳим очколарни йиға оламиз. Самарқанддек катта вилоят, ажойиб шаҳар ва минглаб мухлислари бор клуб Суперлигага чиқа олиши шарт. Бугун ажойиб футбол атмосфераси ҳам сўнгги дақиқаларда ғалаба қозонишимизга ёрдам берди.

Суперлига йўлланмаси учун кимлар кураш олиб боради? Бу ҳақда гапиришга ҳали жуда эрта. Ҳа, бизнинг ўйин турнинг сўнгги ўйини эди ва биз бошқа жамоаларнинг ўйинларини ТВ орқали кузатдик, бироқ ҳали аниқ кимнидир кўрсата олиш қийин. Чунки ҳозирча кўриниб турибдики, барчада бир хил имконият бор ва про-лигада яққол кучли ёки кучсиз клубнинг ўзи йўқ. Тенг кучли клублар лигаси.

Тошкентнинг “Локомотив” клубидаги фаолиятимдан кейин бугун Ўзбекистондаги илк расмий ўйинимни ўтказдим. Ўзбек футболида ўзгаришлар кўп ва бу яхши тарафга. Суперлига, Ўзбекистон Суперкубоги ва про-лига ўйинларини кузата туриб, бемалол айта оламанки, Ўзбекистон чемпионати ўйинларида ижойиб ўзгаришлар катта. Турнирлар савияси ўсгани кўриниб турибди, - дейди тожикистонлик мутахассис.

"Динамо" матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!