Ҳаким Фузайлов: "Виктор Кумиковни қандай мутахассис эканлигини яхши биламан"

“Андижон” – “Бухоро” (0:0) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида меҳмонлар бош мураббийи Ҳаким Фузайлов иштирок этди.

- Ҳаким Қаюмович, баҳс ҳақида фикрларингиз қандай?

- Нима ҳам дердим, аввал таъкидлаганимдек, про лига мураккаб лига бўлиб бормоқда. Барча жамоалар охиригача курашмоқда. Ўтган турда ўз майдонимизда “Ғиждувон” билан дуранг ўйнаганимиз ҳам ҳар бир жамоа яхши тайёргарлик кўраётганлигидан далолат беради. Бугунги ўйин ҳақида нима дейишим мумкин? Икки жамоадан ҳам ҳужумкор ўйин кўрдик. “Андижон”нинг кучли томонларини ўрганиб чиққандик. Менимча, натижа ўйинга мос бўлди. “Андижон”нинг стандарт вазиятлардан фойдаланишини ўйинчиларимиз яхши биларди. Шунга монанд равишда тайёргарлик кўрдик. Ўйлайманки, ҳали асосий ўйинлар олдинда. Кўриниб турибдики, ўтган йили Суперлигадан тушиб кетган 3 та жамоа яна қайтиш учун астойдил курашяпти. Бу борада бизни ҳам чиқиш ниятимиз бор. Барчасини кейинги босқичда кўрамиз.

- Натижа сиз учун қониқарлими?

- Тўлиқ қониқмадим. Умуман айтганда, бу бизнинг кетма-кет бешинчи дуранггимиз. Агар бугунги ўйинга келсак, ўз олдига Суперлигага чиқиш мақсадини қўйган жамоа билан ўйнадик. Бугун яхши футбол кўрсатаётган жамоага қарши ўйнадик. Улар ўз уйида асосан ғалаба қозониб келаётганди. Дуранг натижа билан қайтаётганимиздан хурсандман. Ҳали ҳаммаси олдинда.

- “Андижон” охирги учта учрашувда охирги дақиқаларда гол уриб ғалаба қозонаётганди. Сиз бу жиҳатни ўрганганмидингиз?

- Албатта, биз бу ҳолатни кўриб, шунга яраша ўрганиб тайёргарлик кўргандик. Мен Виктор Кумиковни қандай мутахассис эканлигини яхши биламан. Кучли, яхши жамоани шакллантираётганини кузатяпман. Стандартлар, бурчак зарбалари ва аутлардан қандай фойдаланаётганини ўрганиб чиқдик. “Андижон”нинг жисмоний жиҳатдан анча яхши эканлигини ҳам билардик.

- Ўтган сафар “Бухоро” аутсайдер билан дуранг ўйнади. Ўшанда жамоага нима етишмади?

- Фойдалана олмаган имкониятлар бизга етишмади. Футболчиларга кўрсатиб бердим, биз 14 та голли вазиятни яратгандик. Ҳар сафар тўп устунга тегди, ёнидан ўтиб кетди. Ҳатто, пенальтини ҳам голга айлантира олмадик. Озгина қолганди, аммо биз гол уролмадик.

- Бугун Шавкат Саломов қизил карточка сабабли майдонга туша олмади. Унинг йўқлиги жамоангизга билиндими?

- Йўқ, ўрни билинмади. Агар ўз ўйинимизни кўрсатиб, жамоавий ўйинни ташкил қилсак, рақибга етарлича қаршилик кўрсатишимизни футболчиларга айтгандим. Шавкат ўйнаганида ёмон бўлмасди. Ахир у жамоанинг етакчиси-ку! Саломов характер кўрсата олади ва катта тажрибага эга бўлган ўйинчи. Жисмоний ҳолати ҳам яхши эди. Умуман айтганда, жамоа ёмон ўйин кўрсатмади. Бугунги учрашувда тўпни кўпроқ назорат қилдик. Шу боис мазкур натижага эришдик.

“Андижон” матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!