Ҳаким Фузайлов: "Яратган вазиятларимиз 3 та ўйинга етарли эди"
Бугун про лиганинг 8-турида “Бухоро” клуби “Ғиждувон” билан куч синашди ва унда 1:1 ҳисобида қайд этилди. Беллашувдан кейин бухороликлар устози Ҳаким Фузайлов шундай деди:
- Ўйин ҳақида гапирадиган бўлсам, биз ушбу ўйинда етакчи сифатида, меҳмонлар эса аутсайдер мақомида майдонга тушишганди. Ҳақиқий бухороча дерби десам муболаға бўлмайди. Рақиб ўйин бошида гол уриб олгач, қолган вақтни майдонда ётиб олиш билан ўтказди. Шунга қарамай, жуда кўп вазиятлар яратдик. Афсуски, тўп дарвозага киришни хоҳламади. Менимча, яратган вазиятларимиз 3 та ўйинга етарли эди. Шунақа ўйинлар ҳам бўлиб туради.
Афсус, нималар бўлганини қайтадан кўриб чиқиб, хатоларимизни кўздан кечирамиз. Суперлига йўлланмаси учун курашётган жамоалар билан курашни давом эттираверамиз, ҳар бир очко учун. Шавкат Саломовнинг қизил карточка олганига келсак, менга ҳозир ушбу вазият учун баҳо бериш қийин. Лекин Шавкатнинг рақиб футболчисига қўпол ҳаракати албатта бу хунук ҳолат. Биз буни кўриб чиқамиз, таҳлил қиламиз. Таркибимизда 20 та футболчи бор. “Андижон” билан бўлиб ўтадиган ўйинга муноси тайёрланамиз.
“Бухоро” матбуот хизмати.
Фикрлар