Ҳаким Фузайловни қандай муаммолар қийнамоқда?
Про лигадаги кураш қизғин тус оляпти. Ҳар бир клуб ғалаба учун борини беряпти. Про лигада рақобат кўрсатаётган “Хоразм” клуби бу мавсумни ҳозирча ўзи истаган даражада ўтказа олмаяпти. Шу боис яқинда у ерда бош мураббий ҳам ўзгарган.
Ҳаким Фузайлов “Хоразм” бош мураббийи сифатида иш олиб боряпти. Чемпионатнинг 11-турида “Хоразм” ўз майдонида “Қўқон-1912”ни қабул қилди ва унда 0:0 ҳисоби қайд этилди. Ҳаким Фузайлов ўз фикрларини қуйидагича билдирди:
“Ўйин ҳақида нима дейишим мумкин? Қийинчиликлар бор, лекин учрашув тахминан тенг курашлар остида ўтди, деб айта оламан, - дея гап бошлади, Ҳаким Қаюмович. - Ўзимизнинг жамоамизга келсак, охирги пайтларда сафимизда жароҳатланганлар кўп. Қўшимчасига ўтган турда жамоамиз сардорининг майдондан четлатилгани ҳам бу сафар ўз таъсирини кўрсатди. Умуман оладиган бўлсак, йигитларга раҳмат айтмоқчиман. Улар ёмон ўйин кўрсатишмади. Албатта, ишлаётганимизнинг фойдаси кўринмоқда. Озгина ўйинчилар етишмаслиги бор гап. Афсуски, биринчи даврани ушбу таркиб билан якунлашга мажбурмиз. Лекин ҳар бир учрашувда охиригача ҳаракат қилсак, очколар ва ғалабалар келади. Биз тўғри йўлдамиз, яхши иш олиб боряпмиз, деб ўйлайман.
Жамоамизда тоза ҳужумчи қолмади. Тимур Исмоилов ҳужумда тўп суриши мумкин, олдин ҳам ўйнаган. Охирги пайтларда қанотларда ҳаракат қилган. Шу боис ҳужумда муаммо бор. Олдинги чизиқни кучайтиришимиз, ҳужумчи топишимиз даркор. Ҳозирча бор ўйинчилар билан ҳаракат қиламиз. Мелиев ҳам жароҳатланган. Ёш Комиловни тажрибаси етмаяпти. Жисмоний ҳолати янада яхши бўлишини хоҳлардик. Диамутенега келсак, унинг функционал кўриниши яхши. Аммо профессионал футболда бироз тажриба етмаяпти. На ўзбек, на рус тилини яхши билмаслиги унга қийинчилик туғдиряпти.
Бобур Қосимов ҳақида ҳозирча ҳеч нима дея олмайман. Аммо ундан жароҳати ҳақида сўрадим. Кўрикдан сўнг ҳаммаси аниқ бўлади. Пойи чўзилганми ёки пойи узилганми, аниқ билиб оламиз. Футболчилар етишмаслиги сабабли ва у 60-70 фоизга тайёрман дегани сабабли майдонга туширдик”, - деди Фузайлов.
Фикрлар