"Ҳали кўплаб клубларга "бош оғриғи" бўламиз, омадсизлигимиз вақтинчалик холос" - "Андижон" футболчиси
Маълумки, "Андижон" жамоаси жорий йилги футбол мавсумини Қаршида ёрқин ғалаба билан бошлаганди ва шундан сўнг “Бургутлар”дан кўпчилик хавфсираётганди ҳам. Бироқ кейинги кетма-кет иккита ўйинда – “Сурхон” ҳамда “Бунёдкор” клубларига қарши баҳсларда жамоа мағлубиятга учради.
Хўш, бунинг сабаби нима билан боғлиқ? “Андижон”нинг иқтидорли футболчиларидан бири Фарҳод Соҳибжонов бу борада шундай деди:
“Авваламбор, барча юртдошларимизни ва мусулмон аҳлини муборак Рамазон ойи кириб келгани билан чин қалбимдан табриклайман. Ҳа, биз мавсумнинг биринчи турида “Насаф”га қарши жуда яхши ўйин кўрсатгандик. Қолаверса, омад ҳам биз тарафда бўлганди. Кейинги учрашувларда негадир суст ҳаракат қила бошладик. Рақиблар эса бундан унумли фойдаланиб кетишди”.
Одатда, мавсумни ғалаба билан бошлаш ва боз устига “Насаф”дек рақибни мағлуб этиш жамоага қўшимча куч ва мотивация бериши табиий. Бироқ "Андижон"да бунинг акси кузатилгандек...Балки Қаршидаги ғалабадан кейин бироз бўшашишлик бўлдими?
“Тўғри, юқорида таъкидлаганимдек, мавсумни ажойиб ғалаба билан бошлагандик. Лекин бизда ҳали ҳам имкон бор. Ўзимизни яхши томондан кўрсатамиз ва ҳали кўплаб клубларга "бош оғриғи" бўламиз”, - дея бу масалада изоҳ берди, Соҳибжонов.
Олдинда “Андижон”ни “Олимпик”га қарши ўйин кутиб турибди. Рақиб жиддий. Александр Хомяков бошчилигидаги андижонликлар эса чемпионатда юзага келган танаффусдан фойдаланиб Дукентда ўқув-машғулот йиғинларини олиб бормоқдалар. Кўриниб турибдики, “Андижон” ҳам бўлажак учрашувга жиддий тайёрланмоқда.
“Тўғри, биз айни чоғда Дукентда жиддий тайёргарлик қиляпмиз. Олдимизда муҳим учрашувлар бор. Худо хоҳласа, мухлисларимизни албатта ғалаба билан хурсанд қиламиз. Омадсизлигимиз вақтинчалик холос. Бор эътиборимизни навбатдаги баҳсга қаратганмиз. Бу ердаги машғулотларимизда асосий эътибор ўйинимизни янада шакллантиришга қаратилган. Бундан ташқари, тактик ва жисмоний томонлама ҳам ишлаяпмиз”, - дейди Соҳибжонов.
Шунингдек, жамоа ҳозирча ортда қолган 3 та учрашувда фақат 1 та гол урди. Самарадорлик етарли даражада эмас. Бу нима билан боғлиқ, деган саволга Фарҳод шундай жавоб қайтарди:
“Ўйин пайтида ҳужумга ўтишимизда айрим хатоларга йўл қўйяпмиз. Шу боис машғулотларда шунинг устида ҳам тинмасдан ишлаяпмиз. Ишонаманки, навбатдаги баҳсда камчиликларимизни тўғрилай оламиз. Мавсум яқиндагина бошланди ва жамоамиз учун барчаси олдинда”.
Фикрлар