Ҳамиджон Актамов: "Қизилқум" чемпионлик учун курашади
Ниҳоят, ушбу ҳафтада Ўзбекистон Суперлигасига расман старт берилади. Навоийнинг «Қизилқум» жамоаси ҳам янги чемпионатга астойдил тайёргарлик олиб борган ҳолда мухлисларини хурсанд қилиш учун меҳнат қилмоқда. Жамоа бош мураббийи Ҳамиджон Актамов ҳам янги мавсумда ўзини кўрсатиш илинжида юрибди. Хўш, янги мавсумда «Қизилқум» ижросида бирор-бир янгилик кўрамизми? Актамов эса янги мавсум арафасида бир қатор масалалар юзасидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Қишки йиғин ҳақида
- Қишки тайёргарлик ҳақида нима дейишим мумкин? Жамоамизнинг йиғинидан кўнглим тўлди. Ҳаммасини ўзимиз истагандек олиб бордик. Мавсумга қадар биз Навоий, Тошкент ва Анталияда ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этган ҳолда тайёргарлигимизни давом эттирдик. Қолаверса, бир қатор назорат учрашувларида иштирок этиш орқали жамоамизнинг ўйинини шакллантиришга ҳам эътибор қаратдик. Шу боис футболчиларимнинг тайёргарлигидан қониқиш ҳосил қилдим. «Қизилқум» янги мавсумга тайёр.
Қуръа хусусида
- Қуръа – олдиндан у ёки бу жамоа билан ўйнайсан дегани эмас. Суперлигада 14 та жамоа бўлса, ҳар бир клуб 13 та рақиби билан қачондир ўйнаб чиқади. Ким билан қачон тўқнаш келишимизнинг катта фарқи йўқ, чунки вақти келиб ҳаммаси билан уйда ва меҳмонда куч синашишимиз аниқ. Қуръа ташланганидан кейин биз 1-турни «Андижон» жамоасига қарши ўтказадиган бўлдик. Аслида дастлабки беллашувни сафарда ўтказишимиз керак эди. Аммо ўйин энди Навоийда бўладиган бўлди. Лекин иккинчи даврада нима бўлишини билмай турибмиз. Раҳбариятнинг гапи бўйича қарайдиган бўлсак, иккинчи даврадаги беллашув ҳам Навоийда ўтиши керак. Сабаби майдоннинг тайёр ёки тайёр эмаслигига «Андижон»нинг ўзини айбдор, бу уларнинг муаммоси дейилган. Ҳар ҳолда Диёр Имомхўжаев шундай деганди. Бу қанчалик ўз тасдиғини топишини эса ҳозирча билмадим. Лекин шу кунларда бу масалага ҳам ойдинлик киритиб оламиз.
Аёллар байрамига туҳфа
- Чемпионатимизнинг дастлабки турини 8 март куни ўтказамиз. Аёлларимизнинг байрами нишонланадиган кунда футбол ўйнаш янада ёқимли бўлса керак. Шу боис ўша куни аёлларимизни 8 март халқаро хотин-қизлар байрами билан табриклаш мақсадида ўйиндан олдин катта концерт дастурини уюштирамиз. Бунинг учун Тошкентдан бир қанча эстрада хонандаларини ҳам гаплашиб қўйганмиз. Шу куни стадионимизда чинакам байрамона муҳит ҳукмронлик қилади.
Суперлигада иштирокчилар сони ортганлиги тўғрисида
- Ўзи олдин ҳам чемпионатимизда 14 та жамоа иштирок этарди. Кейин клублар сонини 16 тага оширишганди. Айтмоқчиманки, Суперлигада 14 та жамоа бўлиши кутилмаган янгилик эмас. Биз бу масалага аралаша олмаймиз, ҳаммаси раҳбариятнинг қарори. Чемпионатда ўйинлар сони кам бўляпти дейишгани учун энди Лига Кубоги мусобақасини ҳам ташкил қилишди.
Актамовдан ПФЛга таклиф
- Менинг ПФЛга таклифим бор. Энди бизда Ўзбекистон Кубоги ва Лига Кубоги мусобақалари ўтказилади. Ушбу Кубокларни қўлга киритган иккита жамоа ўзаро бир-бири билан ўйнаб, ғолиб бўлган клубга Осиё Чемпионлар лигаси йўлланмаси берилиш масаласини кўриб чиқишса яхши бўларди. Бу билан Лига Кубогининг нуфузини оширишга катта хизмат қилган бўлади. Натижада иккала Кубок баҳсларига бўлган қизиқиш ва савия ҳам янада ортади. Менга кимдир бу ҳақида маслаҳат бергани йўқ, ҳаммасини ўзим ўйлаб чиқдим. Лига Кубогининг обрўсини оширишнинг ягона йўли шу деб ўйлайман. Мазкур масала бўйича ПФЛга хат билан ҳам мурожаат қилмоқчи бўлиб турибман.
Селекция қандай бўлди?
- Селекция масаласига келсак, ўтган йилги таркибимизни сақлаб қолдик. Фақат айрим ўзгаришлар бўлганлиги рост. Иван Нагаев, Дониёр Усмонов, Артур Геворкян ва Неманья Йовановичга жавоб бердик. Хуллас, сафимизни тўрт нафар футболчи тарк этди. Албатта, уларнинг ўрнига янги футболчиларни ҳам олдик. Масалан, «Насаф»ни тарк этган Мақсуд Каримовни олдик. Ўйлайманки, у билан ҳимоя чизиғимиз янада мустаҳкам бўлади. Ҳужум чизиғига эса «Нефтчи»дан Мурод Бобожоновни таклиф этдик. Тўғрисини айтсам, ҳар сафар ўйинчи алмаштиришни ёмон кўраман. Иложи бўлса, жамоани сақлаб қолишга ҳаракат қиламан. Футболчиларнинг бир-бирини яхшироқ тушуниши, ўйин савиясининг ўсишида бу жиҳатлар муҳим омил бўлади. Негаки, ўйинчиларнинг бир-бирини тушуниб, яхлит бир жамоа бўлиб шаклланишига камида 2-3 йил вақт керак бўлади. Натижа кетидан қувиб, ҳар олти ой ёки бир йилда таркибни алмаштираверишни ёқтирмайман. Ҳар бир футболчининг ўз қирраларини очиши учун маълум вақт керак бўлади. Футболчи бир жамоада кўпроқ ўйнаса бу ўзига ҳам, мураббийларга ҳам осон. Айниқса, жамоанинг ўйини шаклланишида қулай бўлади.
«Қизилқум»га Жанубий Америкадан футболчи келмоқда
- Жамоамизга Жанубий Америкадан ҳужумчини таклиф қиляпмиз. Биз у билан гаплашганмиз, шу кунларда футболчининг масаласи ҳал бўлади. Қачонки, жамоамизга қўшилганидан кейин у ҳақида 100 фоиз маълумот беришим мумкин. Ҳозирги пайтга келиб жанубий америкалик футболчининг иши 80 фоизга ҳал бўлган. Айни пайтда таркибимизда Евгений Черемисин ва Элгужа Григалашвили каби легионерларимиз бор. Элгужани бошқа клубга кетиши ҳақида ҳам гап-сўзлар чиққанди. Аммо унинг биз билан яна бир йиллик шартномаси бор. Аслида мавсум тугаганидан кейин қайсидир ўйинчининг у ёки бу жамоага ўтиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалади. Бу ҳам футболнинг бир қисми. Григалашвилининг ўзи ҳам яна «Қизилқум»да қолишни маъқул кўрди.
Мураббий билан Геворкян ўртасида келишмовчилик бўлганмиди?
- Артур Геворкян билан ўртамизда ҳеч қачон келишмовчилик бўлмаган. Шунчаки, ушбу футболчи билан тузилган шартномамиз ниҳоясига етганди. Яна нима десам экан? Геворкян ўйнайдиган позицияга иқтидорли ёшларимиз етишиб чиқишяпти. Айниқса, ўринбосарлар сафимиздан истеъдодли футболчиларимиз пайдо бўлишмоқда. Яна қайтараман, Геворкян билан ўртамизда низо келиб чиққани йўқ. Фақат ўсиб келаётган ёшларга ҳам имконият бермоқчимиз.
«Қизилқум»нинг вазифаси
- Олдин ҳам айтганман, ҳозир ҳам айтаман, биз ҳар доим юқори ўринларга интилиб бораверамиз. Чемпионатда асло жон сақлаб қолиш учун курашмаймиз. Биз чиройли ўйинлар кўрсатиб, юқори ўринларга ҳаракат қилаверсак, мухлисларимиз ҳам биздан хурсанд бўлишади. Биласизми, бундан 2-3 йил олдинги «Қизилқум» билан ҳозирги «Қизилқум»нинг ўртасида ер билан осмонча фарқи бор. Аста-секин ҳаммаси яхшиланиб боряпти. Биз ҳам Ўзбекистон чемпиони бўлишни ва Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этишни орзу қиламиз ва шу ниятларимиз сари ҳаракат қилиб бораверамиз.
Янги мавсум ҳақида
- Янги бошланадиган чемпионатдан мазмунли ўйинларни кутяпман. Тўпни олиб фақат олдинги тепиш орқали футбол ўйнашни ёмон кўраман, бу ҳақида олдин ҳам айтганман. Натижани деб чиройли футбол ўйнашни унутиб қўйяпмиз. Энди эса ҳаммага ёқадиган, мазмунли ўйинлар бўлишини кутяпман. «Қизилқум» ҳам янги мавсумда ишқибозларга ёқадиган ўйин кўрсатишга ҳаракат қилади.
Фикрлар