Ҳамма ғалабага мухтож. Суперлиганинг 23-турида қандай тўқнашувлар кутмоқда?

26-29 октябрь кунлари Суперлиганинг 23-тур учрашувлари бўлиб ўтади. Режалаштирилган 7 та учрашувда ишлайдиган расмийлар маълум бўлди.

26 октябрь

16:00. “Олимпик” – “Қизилқум”

Турнир жадвалида ёнма-ён бораётган “Олимпик” ва “Қизилқум” жамоалари бу турда ўзаро баҳс олиб боришади. Клубларни уч очко ажратиб турибди. “Олимпик”да 21, “Қизилқум”да 18 очко бор. Билсангиз керак, “Қизилқум” қандай бўлмасин Суперлигада жон сақлаб қолиш учун астойдил курашяпти. Шунинг учун навбатдаги учрашув ҳам Жамшид Саидов ҳамда унинг жамоаси учун муҳим ва уларни фақат ғалаба қониқтиради. Тимур Кападзе бошчилигидаги “Олимпик” охирги пайтларда ғалабадан узоқлашиб қолгандек ва уларга ҳам ҳозир 3 очко зарур. Аммо “Қизилқум” ўйинида анча жонланиш кузатилмоқда. Бу эса “Олимпик”га қўшимча муаммолар туғдиради.

18:15. “Турон” – “Сўғдиёна”

Чемпионатнинг яққол аутсайдери – “Турон” бу сафар Яйпанда “Сўғдиёна”ни қабул қилади. Иккала жамоа ҳам ғалабани соғиниб қолган. Чунки “Турон” ҳам, “Сўғдиёна” ҳам рақибларига очколарни улашиб келишмоқда. Ўтган турда “Турон” сафарда “Пахтакор”дан жавобсиз 3 та гол ўтказди. “Сўғдиёна” бўлса ўз майдонида “Андижон”га 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Ёрқин Назаров бошчилигидаги “Турон” 13 очко билан охирги ўринда турибди. Бу сафар унинг ёш жамоасига рақибини мағлуб этиб, ғалаба қозонишига салоҳияти етармикнин? Агар қайсидир жамоада руҳий томондан тайёргарлик яхши бўлса, ғалаба ўша клубга насиб қилади.

сўғдиёна_4

27 октябрь

18:00. “Сурхон” – “Навбаҳор”

“Сурхон” ўтган турда Фарғонада “Нефтчи” билан дуранг ўйнаб қайтди. Бу сафар яна бир водий клуби – “Навбаҳор”га қарши ўйнайди. 2-ўринда бораётган “Навбаҳор” пешқадам “Пахтакор”ни таъқиб этиб келяпти. Табиийки, Самвел Бабаян жамоаси ОЧЛ доирасида Эрон клубини мағлубиятга учратгач, янада яхши кайфиятда ва “Сурхон”ни мағлуб этиш орқали “Пахтакор” билан очколар фарқини яна қисқартирмоқчи. Аммо Термиз жамоаси анча қайсар ва рақибларига жиддий муаммолар туғдираётганини кўриб турибмиз. Шунинг учун “Навбаҳор”ни мураккаб баҳс кутиб турибди. Агар Остон Ўрунов яна индивидуал ҳаракатларини ишга соладиган бўлса, унда “Сурхон”га ҳавас қилиб бўлмайди.

18:30. “Насаф” – “Металлург”

БААдаги аламли мағлубиятдан кейин “Насаф” энди ички чемпионатга эътиборини қаратади. Албатта, “Насаф”да ҳам медаллардан бирини қўлга киритиш имконияти сақланиб турибди ва барчаси ўз қўлида. Тўғриси, айни пайтда “Насаф” жуда яхши спорт формасида ва кўрсатаётган ўйини барчага манзур бўлмоқда. Шунинг учун “Металлург”га оғир бўлиши аниқ. Лекин олдинги йиллардаги учрашувлар шуни кўрсатадики, бекободликлар қаршиликлар учун ноқулай рақиб ва “Насаф” майдонидан очколар тортиб олганини ҳам биламиз. Бироқ Рўзиқул Бердиев жамоаси ўз ўйинини намойиш қилса, катта эҳтимол мезбонлар ғолиб чиқиши табиий.

металлург7_2

28 октябрь

16:00. “Андижон” – ОКМК

Яна бир яхши жуфтлик. Турнир жадвалида “Андижон” билан ОКМК ёнма-ён туришибди. “Бургутлар” 36 очко билан 6-поғонада бўлса, олмалиқликлар 38 очко билан 5-ўринда. Ўз-ўзидан аёнки, “Андижон” клубида ғалаба учун мотивация ва хоҳиш юқори. Боз устига ўтган турда Жиззахда ғалаба қозонди. Ундан аввал эса ўз уйида “Пахтакор”ни қуруқ қўл билан қайтарди. Агар ОКМК таслим этиладиган бўлса, Хомяков жамоаси 5-ўринга кўтарилиб олиши мумкин бўлади. Негадир жорий мавсумда Миржалол Қосимов жамоасига барқарорлик етишмаяпти. Аксига олиб ОЧЛ гуруҳ босқичида дастлабки учта ўйинда ютқазди. “Бобур Арена”да қаттиқ жанг кечади ва бу учрашув турнинг марказий ўйини мақомида.

18:15. “Бунёдкор” – “Нефтчи”

Энг кўп дуранг ўйнаётган “Нефтчи”ни бу турда Тошкентда “Бунёдкор” меҳмони бўлади. Фарғоналиклар 38 очко билан 4-поғонада ва уларда ҳам совринли ўринлар учун курашиш имконияти бор. Фақат “Нефтчи” ютиши керак. “Бунёдкор” албатта осон рақиб эмас. 

Бунёдкор7_1

29 октябрь

17:00. “Бухоро” – “Пахтакор”

“Бухоро”га жуда қийин. 14 очкоси билан 13-поғонани банд этиб турган бу жамоа амалдаги чемпион ва мусобақа пешқадами бўлиб турган “Пахтакор”ни мағлубиятга учратиши шарт ва бунинг учун мезбонларнинг кучи етадими? Максим Шацких чемпионатда ва ОЧЛда ниҳоят ғалаба қозониб, танқидлардан узоқлашмоқда. Бу сафар уларни “Бухоро” майдонида кутаётган ўйин бор. Албатта, фаворит “Шерлар”.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!