"Ҳар бир ўйин биз учун финал" ёхуд Шохруз Норхонов Катанец ҳақидаги саволга: "Чалғишни хоҳламайман"

“Сўғдиёна” клуби янги тарих ёзишда давом этяпти. Жамоа илк бор иштирок этаётган ОФК Кубогида ярим финалга чиқди. Жамоа етакчиларидан бири Шохруз Норхонов ўзини кўрсатишда давом этмоқда.

Барча унинг ўйинига юқори баҳо бермоқда. “Истерн” мағлуб этилганидан кейин Норхоновга бир қанча саволлар билан мурожаат қилдик.

- Аввало сизни ва “Сўғдиёна”ни муҳим ғалаба билан табриклайман. Ўйин сизга ёқдими? Қандай таассуротлар қолди?

- Дастлаб бутун Жиззах ахлини тарихий ғалаба билан табриклайман. Ўйин жуда қийин ўтган бўлса-да, мухлисларимиз бизга қўшимча куч бағишлай олишди, деб ўйлайман.

- Шохруз ушбу учрашув фаолиятингиздаги ҳозиргача энг катта ва муҳим ўйинми? Ёки яна шунга ўхшаш бошқа учрашув ҳам бўлганми?

- Ҳа, тўғри таъкидлаб ўтдингиз. ОФК Кубоги мен учун катта турнир.

шох2_1

- Ҳал қилувчи голни урдингиз ва бу биринчиси эмас. Одатда “Сўғдиёна”ни қийин вазиятларда қутқарасиз. Жамоа халоскори бўлиш осонми ёки қийинми?

- Биласизми, ҳал қилувчи голни уриш учун биз жамоа билан биргаликда меҳнат қиламиз. Менинг киритган ўша голимда барча жамоадошларимнинг ҳиссаси катта бўлди.

- Жамоа ярим финалга чиқди. “Насаф” ўтган йили ОФК Кубоги финалигача борган. Уларнинг натижасини такрорлаш учун сизларда имконият бор. Ҳозирда нималарни ўйлаяпсиз?

- Биз ҳар бир учрашувга финалга чиққандек чиқамиз. Бу Ўзбекистон Кубоги бўладими, Суперлигами ёки ОФК Кубогими, фарқи йўқ, фақат ғалаба учун курашамиз.

- Тўпурарлик салоҳиятингизни кўрсатяпсиз. Бу асосий мақсадингизми?

- Биласиз, мен кўпроқ голлар уришга интиламан ва шунинг эвазига ҳамиша жамоам учун курашаман.

- Рости, сизни ҳам терма жамоага чақиришларини кутаётганлар бисёр. Билишимча, сизни яна чақирмаган-а? Бу ҳолат сизни хафа қилмаяптими?

- Ҳозирча ҳеч нимадан хабарим йўқ. Фақат олдиндаги ўйинлар ҳақида ўйлаяпман.

шох1_1

- Терма жамоамиз бош мураббийи Катанецга ўзингизни нималарга қодирлигингизни исботлаш истагингиз кучлими?

- Мен ҳозир фақат ўз клубимни ўйлаяпман. Чалғишни хоҳламайман.

- Улуғбек Бақоев жамоани қандай руҳлантиряпти?

- Мураббийимиз бизни ҳар бир учрашувга яхши тайёрлай олади. Шубҳасиз, жамоамизнинг ғалабаларида мураббийларимизнинг ўрни катта, деб ўйлайман.

- Норхонов сифатида “Сўғдиёна”да янада танилиб, ўйинингизни кучайтирдингиз. Бу ерда аввало сизни нима кучлик қиляпти?

- “Сўғдиёна” менинг иккинчи уйим бўлиб қолган. Бу ерда ўзим жуда яхши ҳис қиламан. Ғалабаларда боя айтганимдек, мураббийларнинг ҳам меҳнати катта.

шох4

- Бу энг яхши ўйинингизми ёки...

- Ишлашдан тўхтамаймиз. Янада катта ютуқларга эришиш ниятидаман.

- Сир бўлмаса, ОФК Кубогида ўйинлар ва ғалабалар учун қандай бонусга белгиланган?

- Бунисидан хабарим йўқ. Биз мухлисларни хурсанд қилаверсак, рағбатлантириш ўзи келаверади (кулади).

шох3_1

- Стадиондаги муҳит ҳам ўзгача бўлди. Бундай мухислар билан тўлган стадионда илк бор ўйнадингизми ёки... Умуман, бунга қандай таъриф берасиз?

- Ҳа, бу учрашувда бизни жуда кўплаб мухлислар қўллаб-қувватлаб туришди. Узоқ жойлардан келиб жамоамизни олқишлаб турган барча ишқибозларимизга миннатдорчилик билдираман.

- “Сўғдиёна” ОФК Кубоги ярим финалида Малайзиянинг “Куала-Лумпур” жамоаси билан ўйнайди ва бу учрашув ҳам Жиззахда ўтади. Бу “Сўғдиёна”га қанчалик устунлик беради?

- Бизга рақиб ким бўлишидан қатъий назар фақат ғалаба учун курашамиз. Ўша ўйинда ҳам стадионимиз тўлиб-тошишига ишонаман. Шу ўринда барчани Мустақиллигимизнинг 31 йиллик байрами билан табриклайман.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!