Ҳимояси пароканда АПЛ карвонбошиси Италиянинг энг сермаҳсул жамоасига қарши (превью)

УЕФА Чемпионлар Лигасининг 3-турида “D” гуруҳининг етакчи жамоалари ўзаро муносабатларига илк бора ойдинлик киритиб олади. Энг хурсанд қиладиган томони, ушбу баҳс билан барча нарса мутлақ ҳал бўлмайди: жавоб учрашуви ҳам бор. Яна бир тарафи, ушбу қарама-қаршиликнинг ҳар икки ўйинида имкониятни бой берган жамоа мавсумни омадсиз бошлаган “Аякс” билан ҳисоб-китоб қилишга мажбур бўлади. Ҳа, амстердамликлар етакчи футболчиларининг ярмидан кўпини турли жамоаларга сотиб юборди. Аммо бу улар учун ҳайратланарли ва кутилмаган ҳолат эмас. Нидерландия клубида бу аввалдан режа қилинган жараён. Улар доим ўзларининг халқаро майдондаги ўртача даражаларини сақлаб қолган ҳолда, иқтидорлар сотувидан пул ишлаш пайида бўлади. Бугунги баҳсга етиб келган жамоаларга ушбу клубнинг алоқадорлиги шундаки, Тен Хаг шогирдлари уларга қарши майдонда ҳаракат қилиб кўрди. “Ливерпуль” Тальяфико томонидан ўз дарвозасига жойлаб қўйилган гол оқибатида “Йохан Кройф Арена”дан ғалаба билан қайтган бўлса, “Аталанта” ўз майдонида иродали 2:2 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритди. Сапата ўйин қаҳрамони! 

Умуман олганда, жамоалар миллий биринчиликларда ўзлари лойиқ бўлган ўринларда бормоқда. Муаммолар ҳам ҳар бир жамоада ўзига яраша ҳолатда. Қуйида ҳар икки клуб масаласида қисқача тўхталиб ўтамиз. 

El0KqI_XgAER3ZF

“Аталанта”

“Сампдория” ва “Лацио”дан учралган мағлубиятларни тўғри тушуниш мумкин, назаримда. Сабаби, ушбу жамоалар А Серия грандлари қаторида эътироф этилади. Ўртамиёна жамоалардан йўқотишларсиз ўта олган тақдирда ҳам, бергамоликлар ўзлари хоҳлаган совринли ўринларда чемпионатни якунлаши ва балки чемпионга ҳам айланиши мумкин. Сўнгги мавсумдаги “Ювентус”нинг чемпионлиги жуда кўплаб футбол мухлисларини “Аталанта” ва у каби А Сериянинг бошқа грандларидан ҳафсаласи пир бўлишига сабаб бўлди. Чунки, туринликлар сўнгги йиллардаги энг заиф ўйинини намойиш эта туриб ҳам Скудеттони илиб кетди. Ўзаро ўйинларда “кекса сеньора”нинг додини берган гранд клублар аутсайдерларга қарши кечган учрашувларда очко йўқотиб юрди. Жорий мавсумда карвонбошилик “Милан”нинг қўлида бўлиб турибди. 8 йиллик “Юве” гегемонияси ушбу йилда якунига етса ва Апеннин яримороли биринчилигига интрига қайтса, бу ҳамма учун фойдали бўларди. 

“Ливерпуль”нинг ҳимоясидаги муаммолар ҳақида алоҳида роман ёзсак арзийди. Ўз навбатида, Жан Пьеро Гасперини олдида ҳам мудофаа билан боғлиқ саволлар мавжуд. Хатебур ва Толоининг ливерпулликларга қарши ўйинда ҳаракат қилиши сўроқ остида бўлиб турибди. Айниқса, нидерландиялик қанот ҳимоячисининг майдонга тушмаслик эҳтимоли юқори. Яна бир қанот ҳимоячиси Робин Госенс ва таянч ярим ҳимоясининг асосий вакили ҳисобланган Де Рооннинг ўйинда қатнаша олмаслиги эса, маълум бўлиб улгурди. 

Голларнинг ҳиди келяпти а?!

Тахминий таркиб: Голлини, Паломино, Толои, Жимсити, Депаоли, Пашалич, Фройлер, Мойика, Гомес, Сапата, Муриель.

Иштирок эта олмайди: Госенс, Калдара, Пиццини, Де Роон.

Сўроқ остида: Толои, Ромеро, Хатебур.

El1YRT-WkAEUYJE (1)

“Ливерпуль”

“Қизиллар”да марказий ҳимоячи зонаси билан боғлиқ муаммо кеча пайдо бўлиб қолмаган. Ван Дейк жароҳат олмасидан аввал ҳам, унга яхши, барқарор бир шерик кераклиги бот-бот такрорланган. Аммо клуб раҳбарияти бу муаммога жиддий қарамай келаётганди. Энди улар илдиз ота бошлаяпти. Ҳимоя доимий тарзда ишончсиз ўйин намойиш этиб келаётган Жо Гомез ва биз ҳатто танимайдиган Натаниель Филлипс қўлида қолиб кетди. Айнан марказий ҳимоядаги хато сабаб, “Вест Хэм” билан кечган баҳсда ҳам мерсисайдликлар дарво дахлсизлигини сақлай олмади. Ушбу беллашувда яна бир жиҳат эътиборимни тортди, Клопп ЕЧЛдаги муҳим ўйин олдидан етакчиларининг катта қисмига дам бериб, АПЛ 7-турини ютмоқчи бўлди. Аммо якунда барибир аралаш таркиб унинг ғалабаси учун камлик қилиши ойдинлашиб қолди. Ҳужумдаги ютуқлар ҳимоядаги хатоларни беркитиб кетиши бу - вақтинчалик ҳолат. Мавсум давом этган сари уларни янада жиддийроқ рақиблар қарши ола бошлайди. Жорий ҳафтада ливерпулликларни “Манчестер Сити”га қарши Премьер-лига 8-тури ҳам кутиб турибди. 

Ван Дейк ва Фабиньодан ташқари, Костас Цимикас ҳам ушбу учрашувни ўтказиб юбориши мумкин. Робертсон масаласида хотиржам Клопп фавқулодда бирор бир жароҳат рўй бермаса, лазаретдан яқинда қайтган футболчи билан таваккал қилмайди. Жамоага ёзда келиб қўшилган Тиаго Алькантаранинг ҳам майдонга тушиши аниқ эмас. Уни коронавирусдан кейинги спорт форма билан боғлиқ масалалар безовта қиляпти. 

Тахминий таркиб: Алиссон, Арнольд, Гомез, Уильямс, Робертсон, Вейналдум, Хендерсон, Милнер, Салоҳ, Минамино, Жота. 

Иштирок эта олмайди: Фабиньо, Окслейд-Чемберлен, Ван Дейк.

Сўроқ остида: Цимикас, Тиаго.

El1GbxEXIAU2W8I

Мураббийлар

Жан Пьеро Гасперини: “Юргеннинг фикрлари бизни хурсанд қилди. Биз ушбу беллашувга жиддий тайёргарлик кўрдик ва дунёнинг энг яхши клубига қарши ўзимизни ижобий тарафдан кўрсатмоқчимиз. Гозенс ва Де Роон жароҳатланган, уларнинг ўййин бошлангунча тиклана олишига умид қиламиз.

Юрген Клопп мураббийлар орасида ўзгача ҳурмат-эътиборга эга. Унга қарши ҳаракат қилиш ҳамма учун шараф. Кейинги баҳслар жуда муҳим ҳисобланади. Биз жуда мураккаб рақибларга қарши баҳс олиб борамиз. “Аякс” билан рақобатда ғолиб чиқиш учун бир неча очко жамғаришимиз лозим бўлади. Ҳар бир ўйин муҳим”.

El2QEbTW0AI5ks8

Юрген Клопп: “Топ-даражадаги футболчилардан тузилган ва яхши шаклланган жамоа қаршисида турибмиз. Улар индивидуал маҳоратдан керакли ўринда фойдалана олади. “Аталанта” жорий мавсумда биз дуч келган рақиблар орасида энг хавфлиси. Уларни қайсидир жиҳатдан “Лидс”га ўхшатиш мумкин. Қийин бўлиши аниқ. 

Биз ҳозирги вазиятга кўникишга мажбурмиз. Бу жамоамдан кутаётган нарсам. Бизда йўқотишлар борлиги рост, аммо уларнинг ўрнини тўлдира оламиз. 

Турнирлардаги поғоналаримиз ҳақида ўйлашимиз учун ҳали эрта". 

image_2020-11-03_12-06-10

Хулоса ўрнида

“Аталанта” А Серия жорий мавсумида 6 та тур якунларига кўра, 17 та гол урган ҳолда бу борада иккинчи кўрсаткични қайд этиб турибди. Биргина “Сассуоло” ундан кўпроқ гол уришга эришган. Бергамоликлар ҳар бир ўйинда гол уриши билан бирга, ҳар учрашувда ўз дарвозасидан тўп ҳам олиб чиқади. 

“Ливерпуль” АПЛда карвонбошиликни қўлга олди. Аммо уни мустаҳкамлаши учун ҳафта охирида “Сити” тўсиғидан ўтиши талаб этилади. Мана бу фактор бугунги ўйинга ҳам таъсир қиладиган жиҳат. Чунки, хоҳлайдими, йўқми инглизлар уик-энднинг марказий беллашувини хаёлининг бир четида ушлаб туришга мажбур. 

Бугун голларга бой ўйин кутишимиз мутлақо тўғри. Шунинг билан бирга ушбу беллашув 90 дақиқа давом этишини ҳам унутмаслик керак. Яъни қайсидир жамоа рақиби дарвозасига бир нечта голни қалаштириб ташласа, бу ўйин якунланди, дегани эмас.

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!