Ҳиндистон Олимпиада мезбонлиги учун курашдан чиқди

Ҳиндистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Нариндер Батранинг айтишича, шу кунларда мамлакат 2032 йилги Олимпия ўйинлари мезбонлиги учун курашни давом эттиришни режалаштирмаяпти. Пандемия туфайли юзага келган қийинчиликлар сабаб ушбу лойиҳа кейинги йилнинг камида иккинчи чорагигача кўриб чиқилмайди.

Ҳиндистон ҳали ҳам Олимпия ўйинларини ўтказишдан манфаатдор, мамлакатга COVID-19 жиддий зарба бергани сабаб режалар барбод бўлиши мумкин, дейди жаноб Батра.

– Биз 2032 йилги ўйинларни ўтказишга қизиқиш билдирган эдик, аммо кейин коронавирус тарқалди ва ҳаммаси чиппакка чиқди, – деди Нариндер Батра. – Келаси йилнинг биринчи чорагида нафақат Олимпия ўйинлари, балки ҳар қандай йирик мусобақани ўтказиш режаларини муҳокама қилиш учун учрашув режалаштирганмиз.

Ҳиндистон Миллий олимпия қўмитаси (МОҚ) раҳбарининг сўзларига кўра, 2026 йилги ёзги ўсмирлар Олимпия ва 2030 йилги Осиё ўйинлари ярим оролда ўтказилиши керак эди. Бироқ 2022 йилги Сенегал Олимпиадасининг қолдирилиши ва куни кеча Доҳа ва Aр-Риёд шаҳарлари минтақанинг асосий мусобақаларини ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритгани туфайли бу режалар амалга ошмайди.

Декабрь ойи бошида Aвстралиянинг Квинсленд штати маркази Брисбен шаҳри 2032 йилги ёзги Олимпия ўйинларини ўтказиш учун коронавирус пандемияси сабабли тўхтатилган ҳаракатни бошлаганини эълон қилди.

Худди шундай жараён Индонезияда ҳам бошланган. Президент Жоко Видодо Вазирлар Маҳкамасига "Жакарта-2032" учун ташкилий қўмита тузиш ва дастурни тарғиб қилиш бўйича батафсил режа ишлаб чиқишни буюрди.

Олимпиада мезбонлигига Доҳа (Қатар), Ченгду ва Чончинг (Хитой), Истанбул (Туркия) шаҳарлари ҳам қизиқишяпти, шунингдек, Жанубий ва Шимолий Корея расмийлари ХОҚқа қўшма ариза бериш имкониятини кўриб чиқишмоқда. Бундан ташқари, Германиянинг бир нечта штатлари ҳам даъвогарлар сафига кириш истагини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, ХОҚ ҳали 2032 йилги ўйинларга ариза топшириш муддатини эълон қилмаган. Бу шуни англатадики, тўрт йилликнинг асосий спорт анжумани мезбонлиги учун курашда кескин бурилишлар кузатилиши мумкин.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!