"Ҳозирги ишим ўзимга ҳам қизиқ" ёхуд у "Сурхон"да янги лавозимни эгаллади

Ўтган йили “Сурхон” клубида иш бошлаб жамоанинг Суперлигада ўз ўрнини сақлаб қолишига муносиб ҳиссасини қўша олган мураббий Ёрқин Назаров жамоадаги ишини давом эттираётганини маълумот ўрнида айтиб ўтмоқчимиз.

Маълумки, мавсум тугаганидан сўнг, “Сурхон”да жиддий ўзгаришлар юз берди. Ўтган йилги таркибдан бир нечтаси кетди. Шунингдек, мураббийлар ҳам ўзгарди. Ўшанда Ёрқин Назаровнинг ҳам клубдаги тақдири сўроқ остида турганди. Аммо яқинда маълум бўлишича, мутахассис “Сурхон”да қолган ва фаолиятини давом эттиряпти.

Шу боис у мазкур масала ва яна бошқа мавзулар бўйича Sports.uz мухбирига ўзининг фикрларини айтиб ўтди.  

"Керак бўлса, Ўзбекистон бўйича скаутларни ишга оламиз"

- Мен ҳозирда “Сурхон” жамоасида техник директор бўлиб ишлаяпман. Клубда қилаётган ишларимга келсак, U-21, U-19, аёллар футболи, академия ва шу билан бирга асосий жамоага ҳам қараб турибман. Биз сурхондарёлик ёш иқтидорларни етиштиришни ҳам асосий мақсад қилиб олганмиз. Сурхондарёда 10-15 йил футбол бўлмаган. Мана, энди клубга яхши ҳомийлар келди. Ўринбосарлар жамоамиздан 100 фоиз маҳаллий ёшлар жой олган. U-19 таркибимизда ҳам фақат ўзимизни маҳаллий йигитларимиз бор. Ўринбосарларимиз U-21 бўлса ҳам таркибни ёшартириб юборганмиз. Бу жамоада 17 - 19 ёшли йигитлар ҳам тўп тепишяпти. Биз босқичма-босқич асосий таркибимизда истеъдодли ёшларни етиштириб бермоқчимиз. Мана, Термизга ҳам бориб келдик. Бош мураббий Анхель Лопес, унинг ёрдамчиси, мен, бош директор ва матбуот котибимиз ҳам борди. У ерда қизиқарли учрашувлар ўтказдик. У ердаги структура билан яқиндан танишдик. Худо хоҳласа, Термизда футбол академияси қуриш мўлжалимизда бор. Қуриладиган жойларни ҳам кўриб келдик. Сунъий ва табиий майдонлар барпо бўладиган жойларни ҳам ўргандик. Кейин у ердаги коллежни клубимиз балансига беришса, уни академияга айлантириб, база ҳам қурмоқчимиз ва стадионни реконструкция қилиш режамизда бор. Термизга қилган сафаримиз чоғида шундай ишлар билан танишиб, ҳаммасини кўриб келдик. Шунинг учун Сурхондарё бўйича иккита селекционер мураббийни ишга оламиз. Керак бўлса, бутун Ўзбекистон бўйича скаутларни олмоқчимиз. Улар иқтидорли ёшларни излаб бизга етказади.

ёрқин_1

"Қайтганим сюрприз бўлгани йўқ"

- Клубга яна қайтишим кутилмаган сюрприз бўлгани йўқ. Фақат бироз вақт керак бўлди. “Сурхон” жамоаси билан мени амалда шартномам ҳам бор эди. Шунинг учун бу ердан кета олмасдим ҳам. Натижада мени клубда қолдиришлари маълум бўлди. Шунчаки, боя айтганимдек, уларга бироз вақт керак бўлди. Олдинги йили мураббий бўлиб ишладим ва жамоани Суперлигада қолдирдик. Бу йил қилаётган ишим, юқорида таъкидлаганимдек, кўпроқ ёшларни тарбиялаш, сурхондарёлик ёшларни ўстириш ва асосий жамоага етказишдан иборат. Ҳозирги қилаётган ишим ўзимга ҳам қизиқ туюляпти. Қиладиган иш роса кўп. Шу сабабли бу йўналишдаги ишни ҳам ўзим учун ўрганиб боряпман. Мураббий сифатида боримни бериб меҳнат қилганимдек, бу йўналишда ҳам бор кучимни, меҳримни бериб, жамоага ёрдамим тегишини хоҳлаяпман. Яхши томони, ўзим ёқтирган футболдаман.

назаров1

"Лопес талаб қилаётган услуб бизнинг футбол учун янгиликдек"

- Хабарингиз бор, бошида клубга Испаниядан бошқа мураббийлар келган. Улар кетиб, ўрнига Анхель Лопес ва унинг штаби келди. Фикримча, ушбу мураббийларда футболчиларни мавсумга тайёрлашга озгина вақт бўлди холос. Машғулотларини бориб кўряпман, ҳаммаси зўр. Ўйинчилар ҳам қизиқиб шуғулланишяпти. Бош мураббий талаб қилаётган футболни жамоадагилар бажарадиган бўлса, ҳаммаси яхши бўлади. Лопес ҳам ҳужумкор футбол тарафдори. Шунингдек, тажовузкор ва прессингга ихтисослашган ўйинга ҳам эътибор қаратяпти. Мураббий бераётган кўрсатмаларни футболчилар тезроқ ўзлаштирадиган бўлса, янада яхши жамоа шаклланиши керак. Лопес талаб қилаётган услуб бизни футбол учун янгиликдек. Ўзим ҳам ҳимоявий эмас, ҳужумкор футбол тарафдориман. Иккимизни услубимиз ўхшаш, аммо унинг тактикаси бошқачароқ. Ҳали ўзим ҳам мураббийнинг тактик услубини тўлиқ ўзлаштириш учун ичигача кирганим йўқ. Муҳими, Лопес яхши футболни талаб қиляпти.

"Сурхон" стадиони келаси йилнинг бошига тайёр бўлади"

- “Сурхон”нинг уй стадиони реконструкция қилинади. Майдони ҳам янгиланади. Фикримча, келаси йилги чемпионатнинг бошига тайёр бўлади. Балки жамоамизнинг ҳали у қадар натижа кўрсата олмаётганига ўз майдонида ўйнамаётгани ҳам сабаб бўлаётгандир. Бу дегани ҳар доим меҳмонда ўйнаяпмиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Abdulla Hikmatov
18/04/2022 15:05
Ishlariga omad tilab qolamiz!