Ҳужумчилар ўрнак олса арзийди...Ёхуд ҳимоячилардан ташкил топган тўпурарлар

Футболда ҳар бир ўйинчининг майдондаги ўз вазифаси бор. Ҳужумчининг иши гол уриш бўлса, ҳимоячиларнинг вазифаси рақиб ҳужумларини қайтаришдан иборат. Лекин футболда шундайки, баъзида ўз вазифасидан ҳам ортиқ даражадаги ишни бажариши ёки бўлмаса бунинг акси кузатилиши мумкин. Масалан, асосий вазифаси гол уриш бўлган ҳужумчиларда бунинг самараси у қадар кўзга ташланмайди. Қайтанга позицияси фақат ҳимоячи бўлган футболчилар бу ишни қойиллатиб бажаришганига ҳам кўп бор гувоҳ бўлдик. Суперлигада эса айнан ҳимоячилар орасида ҳам ўзига хос тўпурарлар шаклланганини кўриш мумкин.

Илдар Маматказин

Клуби: «Андижон»

Туғилган санаси: 25.10.1988

Амплуаси: Марказий ҳимоячи

Нечта гол урди: 3 та

маматказин

«Андижон» жамоаси жорий мавсумда 10-ўринни банд этди. Маҳаллий футболчи, жамоа сардори Илдар Маматказин эса андижонликлар таркибида Суперлигада 19 та учрашувда майдонга тушди ва рақиблар дарвозасига учта гол ура олди. Шунингдек, яна уч марта сариқ карточка билан «сийланди». Аслида эса Илдар учта эмас, балки тўртта гол урганди. Бироқ Андижонда «Локомотив»га қарши учрашувда кутилмаганда у ўз дарвозасини ишғол этиб қўйди. Шунингдек, «Қўқон-1912»га қарши ўйиннинг охирги сонияларида айнан Маматказиннинг голи жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолганлигини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Эътиборлиси, Илдар Маматказин «Андижон» сафида энг кўп гол урган футболчилар орасида Шаҳзод Убайдуллаев ва Рўзим Аҳмедовдан кейин учинчиси бўлди.

Егор Кримец

Клуби: «Пахтакор»

Туғилган санаси: 27.01.1992

Амплуаси: Марказий ҳимоячи

Нечта гол урди: 3 та

кримец

«Пахтакор» клубининг сардори Егор Кримец 21 та ўйинда иштирок этди. Айтиш мумкинки, ҳимоячи бўлишига қарамасдан, унинг гол уриш ҳамда бу борада жамоадошларига қўшган ҳиссаси ҳам салмоқчи бўлди. Чунки Кримец тўрт бор голли пас узатишдан ташқари ўзи ҳам уч бора рақиблари дарвозасига гол ура олган. Айниқса, бўйдор бўлгани учун жамоасининг стандарт вазиятларида рақиб жарима майдони ичида у хавфли ўйинчига айлана олади.

Марко Симич

Клуби: «Пахтакор»

Туғилган санаси: 16.06.1987

Амплуаси: Ҳимоячи

Нечта гол урди: 3 та

симич

«Пахтакор»нинг черногориялик ҳимоячиси Марко Симич ҳам гол уриш борасида Кримецдан қолишгани йўқ. Биласиз, жорий йилда «Пахтакор» барча мусобақаларда гол уриш борасида катта сермаҳсуллик кўрсатди. Натижада ҳужумкор жамоанинг деярли барча аъзоларида гол уриш учун қулай имкониятлар бўлди. Шу сабабли Марко Симич ҳам бундай имкониятларнинг учтасидан фойдаланганини айтиш жоиз.

Дарко Станоевич

Клуби: «Сурхон»

Туғилган санаси: 12.04.1987

Амплуаси: Ҳимоячи

Нечта гол урди: 3 та

станоевич

Ушбу мавсумда фаолиятини «Сурхон»да ўтказган сербиялик ҳимоячи Дарко Станоевич кутилганидек етакчиликлардан бири бўлди. Бунинг устига у учта гол ура олди. Айниқса, стандарт вазиятдан урган голи туфайли ойнинг энг чиройли голига даъвогарлар қаторига киритилди. Солиштириш учун айтамизки, «Сурхон»нинг ҳужумчиси Азамат Алланиёзов бу мавсумда Суперлигада бирорта ҳам гол ура олгани йўқ. Демак, у ҳимоячидан ўрнак олсак арзийди.

Ислом Тўхтахўжаев

Клуби: «Локомотив»

Туғилган санаси: 30.10.1989

Амплуаси: Марказий ҳимоячи

Нечта гол урди: 4 та

тўхтахўжаев

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг аъзоси Ислом Тўхтахўжаев ҳам «Локомотив» таркибида гол уриш бўйича ўзини кўрсата олди. Марказий ҳимоячи 24 та учрашувда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасига 4 та гол урди ва яна 2 марта голли пасни амалга оширди. Шунингдек, уч  марта сариқ карточка билан «сийланган». Умуман олганда, Тўхтахўжаев ҳимоя чизиғида ўз вазифасини бажаришдан ташқари, яна рақиб жарима майдонига бориб голлар урган ҳолда жамоасига фойда келтиргани албатта қойилмақом ишдир.

Дилшод Саитов

Клуби: «Насаф»

Туғилган санаси: 02.02.1999

Амплуаси: ҳимоячи

Нечта гол урди: 4 та

саитов

«Насаф» академиясининг навбатдаги «мева»ларидан бири бўлган Дилшод Саитов клуб бош мураббийи Рўзиқул Бердиевнинг кашфиётларидан бири бўлди. Саитов гарчи ҳимоячи бўлишига қарамай, у ҳам ўзининг тўпурарлик салоҳиятини кўрсатган ҳолда Тўхтахўжаев сингари тўртта гол ура олди. Қолаверса, унинг ҳисобида битта голли пас ҳам бор. Бунинг устига у «Насаф» таркибида Суперлиганинг барча учрашувларида тўлиқ иштирок этди. Бунинг устига Дилшод анча тартибли ўйин кўрсатади. Шу боис у 26 та учрашувда фақат бир марта сариқ карточка олган холос. 20 ёшли ҳимоячи учун эса бу яхши кўрсаткич. Айни чоғда эса Дилшод Ўзбекистон олимпия терма жамоаси билан Дубайда Осиё чемпионатига қизғин ҳозирлик кўрмоқда. Қизиғи, «Насаф»нинг иқтидорли ҳужумчиси Бобур Абдуҳолиқов ҳам Саитовчалик тўртта гол ура олгани йўқ, унинг ҳисобида фақат учта гол бор.  

Мурод Холмуҳаммедов

Клуби: «Қўқон-1912»

Туғилган санаси: 23.12.1990

Амплуаси: Қанот ҳимоячиси

Нечта гол урди: 8 та

Холмуҳаммедов

Бугунги кунга келиб «Қўқон-1912»ни Мурод Холмуҳаммедовсиз тасаввур қилиб бўлмай қолди. Бир неча мавсумдан буён ушбу жамоа шарафини муносиб тарзда ҳимоя қилиб келаётган Холмуҳаммедов ҳар сафар энг яхши футболчи сифатида мухлисларнинг меҳрини қозониб келаётгани ҳам эътиборга молик. У рақибларининг ҳужумларини қайтаришдан ташқари рақиблар дарвозасига гол уришни ҳам қойиллатади. Масалан, Мурод ўтган йили ҳам гол уриш борасида сермаҳсуллик намойиш этган ҳолда рақиблар дарвозасига 11 та гол урганди. Жорий мавсумда ҳам ушбу ҳимоячи яна жонбозлик кўрсата олди. Қизиғи, «Қўқон-1912» сафида «Мавсум-2019»да энг кўп гол урган футболчи айнан ҳимоячи Холмуҳаммедов бўлди. У рақиблар дарвозасига 8 та гол уришнинг уддасидан чиқди. Бир қарашда ҳимоячининг бундай сермаҳсуллик қайд этишига ишониш қийин. Аммо бу ҳақиқат. Жамоадаги бошқа бир ҳужумчи Шаҳбоз Эркиновнинг ҳисобида эса 6 та гол бор. Ҳеч қайси футболчи Мурод Холмуҳаммедовчалик кўрсаткич қайд эта олмади. Шунингдек, унинг ҳисобида яна 2 та сариқ билан 1 та қизил карточка ҳам бор.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!