Ҳусанов энг яхши ўйинчи бўлган учрашув бир ярим асрлик рекордни урди
“Манчестер Сити” жорий мавсумда Англия Премьер-лигаси, Англия кубоги, Карабао кубоги ва Европа Чемпионлар лигасидан иборат тўрт йўналишнинг барчасида бош соврин учун даъвогарлик қилмоқда.
Хосеп Гвардиола шогирдлари мамлакат кубогининг тўртинчи раундида қуйи лига вакили “Солфорд Сити” жамоасини 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб кейинги босқичга йўлланма олди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов Англия Премьер-лигаси доирасида “Ливерпуль”га қарши учрашувда юзига зарба текканидан кейин “Солфорд Сити” билан бўлган баҳсда илк бор тўлиқ ҳаракат қилди. Унгача легионеримиз чемпионатнинг аввалги турида “Фулхэм”га қарши захирадан ўйинга қўшилган эди.
Таъкидлаш жоизки, “Солфорд Сити”га қарши баҳс давомида Хосеп Гвардиола бошчилигидаги мураббийлар штабининг ҳимоячилар ўйинидан кўнгли тўлмади. Гвардиола фақатгина Ҳусановга тўлиқ ўйнаш имконини берди ва қолган уч нафар ҳимоячи ўрнига бошқа ижрочиларни туширди.
Учрашув таҳлили билан шуғулланган экспертлар ҳам “Манчестер Сити” дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолишда Ҳусановнинг меҳнатлари самарасини алоҳида таъкидлади.
- Ҳусанов аксарият вазиятларда ўйинни яхши даражада ташкил этишда фаоллик кўрсатди. Аммо ҳимояда анча тер тўкишига тўғри келди. Айниқса, рақиб футболчилари орасида ўта тезкор Келли Н'Маи ҳамда жисмонан бақувват Райан Грейдонни тўхтатиш учун анча ҳаракат қилишга мажбур бўлди. Қийинчиликларга қарамай, ўз вазифасини уддалади, - деб ёзди Абдуқодирнинг ўйинини юқори баҳолаган cityxtra.co.uk сайти эксперти Хэмиш МакРей.
Бундан ташқари, учрашувдан кейин “Манчестер Сити” клуби ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали Абдуқодир Ҳусановни ўйиннинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этиб, фанатлар ўзбек футболчиси автографи туширилган футболкани ютуқ сифатида қўлга киритиши мумкинлигини эълон қилди.
Нуфузли манбалардан OptaJoe статистика портали ўзининг ҳисоб-китобларидан келиб чиқиб, “Манчестер Сити” ва “Солфорд Сити” баҳсига оид янги маълумотларни тақдим этди.
Унга кўра, “Солтфорд” устидан қозонилган ғалаба “шаҳарликлар” учун ўз уй стадиони – “Этихад”да Англия кубоги доирасидаги қаторасига 17-ютуқ сифатида қайд этилди.
Бу кўрсаткич бўйича амалдаги рекорд 145 йил олдин ўрнатилган эди. 1873 йилнинг декабридан 1881 йилнинг февралигача “Клэпхем Роверс” Англия кубогида ўз майдонида 17 та учрашувдан иборат ғалабали серия қайд этган.
Таъкидлаш жоизки, жорий мавсумдаги мамлакат кубоги якунланишига ҳали анча вақт бор. Агар “Манчестер Сити” мусобақанинг кейинги босқичларида ўз майдонида яна ғалаба қозонса, бу кўрсаткич бўйича мутлақ рекорд қайд этади.
Демак, “Манчестер Сити” ва унинг асосий ҳимоячисига айланиб бораётган Абдуқодир Ҳусановнинг Англия кубоги доирасидаги иштирокини ҳам алоҳида эътибор билан кузатиб борамиз...
Фикрлар