Европалик агент Ҳусанов мисолида ўзбек футболчиларига баҳо берди
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг энг машҳур футболчиси Абдуқодир Ҳусановнинг фаолияти бевосита Беларусь футболи билан боғлиқ. Замонамизнинг энг кучли ҳимоячиларидан бирига айланиб бораётган ҳамюртимиз “Бунёдкор” академияси тарбияланувчиси ҳисобланса-да, профессионал фаолиятини Беларуснинг “Энергетик-БГУ” жамоасида бошлаган.
Беларусдаги нуфузли футбол агентликларидан ҳисобланган FA Playsport ташкилоти раҳбари Владимир Осипов Eurasia Football нашрига берган интервьюсида ўзбек футболчиларига баҳо берар экан Европа мамлакатлари юқори дивизионларида ўйнаётган легионерларимиз, хусусан Абдуқодир Ҳусанов ҳақида ҳам гапирди.
Осиповнинг фикрича, Ўзбекистондан бўлган футболчиларга Европа клубларида мослашиш учун вақт керак, чунки уларнинг тарбиясидаги камтарлик бу борада муҳим омил ҳисобланади. Бу мутахассис Ўзбекистон Европага футболчиларни оммавий тарзда экспорт қилишни йўлга қўя олишига умид билдирди, бироқ бу жараёнга тўсқинлик қилаётган айрим тўсиқлар мавжудлигини ҳам таъкидлади.
- Ўзбекистонлик футболчилар яхши тайёргарликка эга ва жисмонан кучли. Муаммо мослашувда бўлиши мумкин: уларнинг кўпчилиги камтар йигитлар, янги муҳитда очилиб кетишлари учун вақт талаб этилади. Аммо, масалан, Беларусь чемпионатида улар ўзларини ишончли ҳис қиладилар ва кўпчилиги аллақачон катта футболда жиддий қадам ташлади. Бунга мисол, бугун “Манчестер Сити”да ўйнаётган Абдуқодир Ҳусанов. Яна бир муҳим омил, маъмурий тўсиқлар, жумладан визаларни расмийлаштириш масаласидир, - дейди беларуслик футбол агенти.
Осиповнинг аниқлик киритишича, ўтган йили визани расмийлаштириш жараёни чўзилиб кетгани сабабли қирғизистонлик футболчи Алимардон Шукуровнинг Чехия чемпионатига трансфери амалга ошмай қолган.
Таъкидлаш лозимки, 2026 йил февраль ҳолатига кўра, Европа мамлакатлари олий лигаларида айни пайтда фақат олти нафар ўзбекистонлик футболчи тўп сурмоқда. Улардан уч нафари турк клубларида, яъни Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаев “Истанбул Башакшеҳир”да, Ҳусниддин Алиқулов “Ризеспор”да, Умарали Раҳмоналиев эса, Озарбайжоннинг “Сабах” клубида ўйнайди.
Абдуқодир Ҳусанов Англиянинг “Манчестер Сити” клубида тўп тепаётган бўлса, Муҳаммадали Ўринбоев Бельгиянинг “Антверпен” жамоаси аъзоси ҳисобланади.
Премьер-лига йўлга қўйилганидан бери Россия чемпионатининг икки юқори лигасида бу йил илк бор бирорта ўзбекистонлик футболчи йўқ. Шунингдек, марказий осиёлик футболчилар учун оммабоп бўлган Беларусь, Молдова ва Грузия чемпионатларида ҳам ўзбеклар кўринмайди.
Шу билан бирга, Марказий Осиё футболчилари учун Эрон ва Ироқ чемпионатлари тобора қизиқарли ва оммабоп бўлиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, бу йил ёзда Ўзбекистон миллий терма жамоаси эса тарихда илк бор жаҳон чемпионатида иштирок этади. Бўлажак мундиал ўзбек футболчилари учун дунёнинг бошқа мамлакатларидаги жамоаларга йўл очиши кутилмоқда.
Фикрлар