
Ҳусанов Эрон ҳужумини тўхтатиб, Шомуродов рақиб ҳимоя қўрғонини буза оладими?
2026 йилги жаҳон чемпионатига чиқиш учун курашаётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси 25 март куни минтақавий саралаш турнири учинчи босқичидаги саккизинчи учрашувини сафарга Эронга қарши ўтказади.
Бу баҳс мусобақа жадвалида жаҳон чемпионатига тўғридан тўғри йўлланма берувчи дастлабки икки ўринни эгаллаб турган терма жамоаларнинг ўзаро тўқнашуви ҳисобланади.
Айни пайтда футбол жамоатчилиги учрашув олдидан вазиятни таҳлил қилмоқда.
- Эрон терма жамоаси қаторасига тўртинчи бор жаҳон чемпионатига чиқиши учун Ўзбекистон билан бўладиган учрашувда уларни дуранг натижа ҳам қониқтиради. Ўзбекистон эса, бу беллашувда ғолиб чиқиш орқали очколарини 19 тага етказиб, эронликларга етнглашиб олиши мумкин.
Эрон терма жамоаси учун саралаш учрашувлари бир маромда ўтмоқда. Улар турнир давомида фақатгина Ўзбекистон билан октябрдаги учрашувда дуранг ўйнаб, икки очко йўқотган холос.
Ўзбекистон учун пешқадам майдонидаги ғалаба уларнинг илк бор жаҳон чемпионатига бориш имкониятини деярли ҳал қилиб беради. Бунинг учун улар баҳайбат “Озодий” стадионидаги босимни ҳам енгиб ўтиши лозим, - деб ёзмоқда Осиё футбол конфедерациясининг расмий сайти.
Эрон ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги бўлажак учрашувни таҳлил қилаётган экспертлар томонларни дуранг натижа қониқтиришига урғу бермоқда.
- Форслар зўр спорт формасида: улар қаторасига тўртта учрашувда зафар қучди, мағлубиятсиз серияси 11 та ўйинга етди, ўз майдонидаги охирги 15 та беллашувдан 13 тасида зафар қучган. Жамоа ҳужумкор ўйин намойиш қилмоқда. Сўнгги тўртта баҳсда 12 та гол ургани шундан далолат беради.
Бўлажак тўқнашувда Ўзбекистонга нафақат мустаҳкам ҳимоя, балки олдинги чизиқда шижоат ҳам керак бўлади. Тимур Кападзе шогирдлари жаҳон чемпионатига тўғридан тўғри чиқиш учун жуда яхши имконият ҳосил қилган.
Ўзбеклар энг яқин таъқибчиларидан олти очко олдинда ва агар Эронда мағлубиятга учрамаса, мундиалга чиқиш имконияти уларнинг қўлида қолади.
Бу терма жамоанинг асосий муаммоси – самарадорлик. Ўзбекистонликлар охирги олтита учрашувда атиги бешта гол урган холос. Шунга қарамай, мақтанишга арзийдиган кўрсаткич ҳам бор. Улар рақиб майдонида охирги 13 та беллашувдан атиги иккитасида ютқазган холос, саккиз бор мезмонларни таслим қилишни уддалаган.
Эрон ўз мухлислари кўз ўнгида жаҳон чемпионати йўлланмасини муддатидан аввал қўлга киритиш учун бор кучини ташлайди. Лекин Ўзбекистон курашсиз таслим бўладиган терма жамоа эмас.
Меҳмонларнинг ғалабаси мусобақа жадвалидаги вазиятни остин-устун қилиб ташлайди. Дуранг эса, интрига саралаш турнири охиригача сақланиб қолишини таъминлайди, - деб ёзмоқда sportandbets.com сайти.
Айрим экспертлар белажак беллашув натижага “Рома” ҳужумчиси Элдор Шомуродовнинг эронликларнинг ҳимоя қўрғонини ёриб ўтиш маҳорати ва “Манчестер Сити” юлдузи Абдуқодир Ҳусанов бошчилигидаги ўзбек ҳимоячиларининг рақибнинг кескин ҳужумларини бартараф этиш маҳорати катта таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Эрон ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоалари ўртасидаги ўта муҳим учрашув 25 март куни Тошкент вақти билан соат 21:00 да бошланади.
Ўзбекистон жаҳон чемпионатига чиқадими? Бу борада Европада нима дейишяпти?
Шомуродовга Римдан кайфиятни кўтарадиган ажойиб янгилик!
Фикрлар