Шомуродов ўзини ҳақоратлаган фанатга қўнғироқ қилди
2026 йилги жаҳон чемпионатида гуруҳ босқичининг энг чиройли голига муаллифлик қилган Элдор Шомуродов ҳар доим мухлису мутахассислар эътиборида бўлиб келган.
31 ёшли маҳоратли ҳужумчи яқинда Youtube платформасидаги “Нима гап?” подкастида иштирок этиб, мухлислар билан муносабатда ўзи дуч келган қизиқарли воқеани айтиб берди. Бу ҳолат оммавий ахборот воситаларида ҳам ёритилмоқда.
Футболчининг айтишича, жаҳон чемпионатидан олдин Ўзбекистон ва Канада миллий терма жамоалари иштирокидаги ўртоқлик учрашувидан кейин Instagram ижтимоий тармоғидаги шахсий саҳифасига кирганида изоҳларда мухлислардан бири уни қўпол сўзлар билан ҳақорат қилганини кўрган.
Элдор Шомуродов изоҳ эгасининг телеграм манзили ҳам очиқ турганини билиб, унга қўнғироқ қилиб, гаплашиб олишга қарор қилган.
“Телеграмдан қўнғироқ қилдим, лекин кўтармади. Кейин у “Ким бу?” деб ёзди. Мен эса: “Телефонни кўтарсангиз айтаман. Интернетда бемалол сўкиб ёзаркансиз, балки шу гапларни ўзимга ҳам айтарсиз”, деб ёздим”, - дейди Шомуродов.
“Кейин у кулиб: “Ростдан ҳам Элдор Шомуродовмисан?” деб сўради. Мен эса: “Ишонмаётган бўлсанг, телефонни кўтар”, деб ёздим. Қўнғироқни қабул қилди, аммо аввалига индамади”, - деб эслайди Элдор.
Шундан сўнг футболчи видеоқўнғироқ қилган. Элдорни экранда кўрган мухлис эса ҳайратини яшира олмаган.
“Вой, ака, шокдаман......Мен аслида сизнинг мухлисингизман”, - деган ўша футбол ишқибози.
Элдор Шомуродов ушбу воқеа орқали ижтимоий тармоқларда ёзилган ҳар бир фикр ортида ҳам ҳақиқий инсон турганини унутмаслик кераклигини билвосита эслатиб ўтди.

Фикрлар