Ҳусанов ёнига яна бир ўзбек қўшилди! Ўзбекистон УЕФА Чемпионлар лигасида Қозоғистондан ўзиб кетди
Европа футболининг энг нуфузли мусобақаси – Чемпионлар лигасининг янги мавсумида умумий гуруҳ босқичидаги иштирокчилар сони бўйича Ўзбекистон қўшни Қозоғистондан ўзиб кетди.
Озарбайжоннинг амалдаги чемпиони “Сабах” мусобақанинг плей-офф босқичида Исроилнинг “Хапоэль Беэр-Шева” жамоасини жавоб учрашувида 5:2 ҳисобида мағлуб этиб, Чемпионлар лигасининг асосий босқичига чиқди. Икки ўйин натижасига кўра, Озарбайжон клуби 6:4 ҳисобида ғалаба қозонди.
Шу тариқа, Чемпионлар лигасининг асосий босқичида бирданига икки нафар ўзбекистонлик футболчи – “Манчестер Сити” ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов ва “Сабах” ярим ҳимоячиси Умарали Раҳмонаалиев иштирок этадиган бўлди.
Қозоғистон номидан эса, “Сабах” дарвозабони Стас Покатилов майдонга тушади.
- Раҳмоналиев жавоб учрашувининг қаҳрамонларидан бири бўлди. “Сабах” жавоб ўйинида 1:2 ҳисобида ортда бораётган пайтда айнан ўзбекистонлик ярим ҳимоячининг 74-дақиқада урган голидан сўнг ҳисоб тенглашди ва жамоа курашга қайтди. Қўшимча вақтда мезбонлар яна икки марта гол уриб, таъсирли камбэкни расмийлаштиришди, - деб ёзди sports24.kz сайти.
Учрашувдан сўнг Раҳмоналиев флеш-интервьюда ғалаба ҳақида фикр билдирди:
- Аллоҳга шукр, биз ғалаба қозондик. Жуда кўп мухлислар келди, улар бизга катта далда бўлди. Айтиш мумкинки, бу ўйин бутун Озарбайжон халқини бирлаштирди. Мен ҳаяжондаман. Буни сўз билан ифодалаб бўлмайди.
Олдинги ўйинларда бизда кўплаб имкониятлар бўлди, аммо улардан фойдалана олмадик. Мураббийлар бугун гол уриш кераклигини айтишди. Улар имконият пайдо бўлиши биланоқ дарвозага зарба беришни маслаҳат қилишди.
Чемпионлар лигасининг асосий босқичида кучсиз жамоалар йўқ. Биз рақиб танламаслигимиз керак. Аммо “Реал”га қарши “Сантьяго Бернабеу”да ўйнаш жуда зўр бўлар эди.
Энди Чемпионлар лигасида икки ўзбек ўйнаши ҳақида сўрашяпти. Ҳусанов ва мен. Бу ажойиб! Ўзбекистонлик мухлислар доимо бизларни қўллаб-қувватлашади. Энди улар “Сабах”нинг ўйинларини кўриш учун Озарбайжонга келишади, - деди Умарали Раҳмоналиев.
Шу тариқа, ҳозирги ҳолатга кўра, Ўзбекистон Чемпионлар лигасининг асосий босқичида бирданига икки футболчи – Абдуқодир Ҳусанов ва Умарали Раҳмоналиевга эга. Қозоғистоннинг мусобақадаги ягона вакили эса Стас Покатилов бўлади.
Шомуродов трансфери бўлмайди!

Фикрлар