Ҳусановнинг трансфери Европадаги топ-хабарлар қаторига кирди
«Манчестер Сити» атрофидаги айбловлардан сўнг клуб ичидаги вазият кескинлашгани, футболчиларга босим кучайгани ва бир қатор етакчилар жамоани тарк этиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар кўпайди. Европа футбол бозорида эса шу кунларда яна бир қатор қизиқарли трансфер хабарлари муҳокама қилинмоқда.
Европадаги энг кўп шов-шувларга сабаб бўлаётган трансфер хабарлари билан танишинг.
«Барселона»да эҳтимолий йўқотиш
SPORT нашрининг ёзишича, «Барселона» ўзининг француз ҳимоячиси Жюль Кунде бўйича тушадиган таклифларни кўриб чиқишга тайёр. Каталония клуби футболчини камида 50 миллион евро эвазига сотишни режалаштирмоқда. Кундега аллақачон Англия Премьер-лигасининг учта, номи ошкор этилмаган клуби ва бир йилдан бери уни кузатиб келаётган Мюнхеннинг «Бавария» қизиқиш билдирган.
Жюль асосий таркибдаги ўрнини Эрик Гарсия яхши формага кирганидан сўнг йўқотди. Шунга қарамай, футболчининг «Барса» билан амалдаги шартномаси 2030 йил ёзигача мўлжалланган.
Моуриньо Ван Дейкни «Реал»да кўрмоқчи
Португалиялик мутахассис Жозе Моуриньо Мадриднинг «Реал» клуби раҳбариятидан 35 ёшли голландиялик ҳимоячи Виржил Ван Дейкни жамоага олиб келиш имкониятини жиддий ўрганишни сўрагани хабар қилинмоқда. Бу ҳақда Fichajes манбаси маълум берди.
Виржилнинг «Ливерпул» билан шартномаси келаси ёзда ниҳоясига етади. Ҳозирча «қизиллар» янги келишув таклиф қилишга шошилмаяпти. Қоидаларга кўра, қишки трансфер ойнасидан бошлаб футболчи исталган клуб билан эркин равишда олдиндан шартнома имзолаши мумкин бўлади.
Журналист Карло Пеллегатти маълумотича, Ван Дейк учун курашга «Милан» ҳам қўшилишга тайёр. Клуб уни эркин агент сифатида қўлга киритишни жуда истамоқда ва Серия Ани футболчи карьерасини давом эттириш учун идеал чемпионат деб ҳисобламоқда. Рубен Аморим ҳам бу трансферга қарши эмаслиги айтилмоқда.
Ўзбекистон юлдузи Ҳусанов янги жамоа танлайдими?
Лондоннинг «Челси» клуби «Манчестер Сити» таркибида тўп сураётган ўзбекистонлик футболчи Абдуқодир Ҳусановни яқиндан кузатмоқда.
Бу ҳақда CaughtOffside нашри ва журналист Себастьян Видаль хабар берди. Футболчига Англия премьер-лигасининг «Астон Вилла», «Эвертон», «Борнмут» каби бошқа клублари ҳам қизиқиш билдирмоқда.
«Челси» бош мураббийи Хаби Алонсо ҳимоя чизиғини кучайтиришни истамоқда ва шу боис лондонликлар бир қатор номзодларни ўргана бошлаган. Улар орасида Ҳусанов фаворитлардан ҳисобланади.
Клуб 22 ёшли Абдуқодирдан ташқари клуб «Кристал Пэлас» ярим ҳимоячиси Адам Уортон ва «Борнмут» футболчиси Алекс Скоттга ҳам қизиқмоқда.
Холанд учун кутилмаган даъвогар
Эрлинг Холанд атрофидаги вазиятни Мадриднинг «Реал» клуби ҳам диққат билан кузатиб бораётгани тахмин қилинади. Бироқ норвегиялик ҳужумчига яна бир жиддий даъвогар пайдо бўлди.
Fichajes маълумотича, «Бавария» келгуси йилларда Ҳарри Кейн ўрнини босиш учун айнан Холандни асосий номзод сифатида кўриб чиқмоқда.
Германия клуби норвегиялик форвардни яна Бундеслигага қайтаришга уринса, молиявий қийинчиликларга дуч келиши мумкинлиги таъкидланмоқда. Шунга қарамай, мюнхенликлар «Манчестер Сити»га қўйилган айбловлар фонида унинг келажагини диққат билан кузатишда давом этмоқда. Трансфермаркт портали Холанднинг бозор қийматини 220 миллион евро атрофида баҳоламоқда.
«Барса» ҳужум чизиғи учун бразилиялик иқтидор
Каталонияда ҳужумни кучайтириш учун асосий номзод сифатида Лондоннинг «Челси» клуби вингери Эстевао кўрилмоқда. Бу ҳақда SPORT ва Footmercato манбалари хабар тарқатди.
19 ёшли бразилиялик футболчи «Челси»да ўйин амалиёти етишмаётганидан норози. Жорий мавсумда у барча мусобақалар ҳисобга олинганда жами 167 дақиқа майдонга тушган, холос. «Барселона» спорт директори Деку унинг ҳолати ҳақида ишончли маълумотларга эга ва клуб Лондондаги вазиятни диққат билан кузатмоқда.
Эстевао ўтган ёзда «Палмейрас»дан «Челси» сафига 45 миллион евро эвазига қўшилган эди. У ўтган мавсумда 36 ўйинда майдонга тушиб, 1682 дақиқа ичида 8 та гол урди ва 3 та голли узатма амалга оширди. Трансфермаркт унинг қийматини 80 миллион евро деб баҳоламоқда.
Икки инглиз футболчиси «Милан»ни тарк этади
La Gazzetta dello Sport маълумотича, мавсум якунланиши билан «Милан» таркибини икки инглиз футболчиси – ярим ҳимоячи Рубен Лофтус-Чик ва ҳимоячи Фикайо Томори тарк этиши кутилмоқда. Иккаласининг ҳам шартномалари тугаётгани сабабли улар клубни эркин агент сифатида ташлаб кетади.
30 ёшли Рубен Лофтус-Чик 2023 йил ёзида «Челси»дан «россонери» сафига 18,9 миллион евро эвазига келган эди. Фикайо Томори эса 2021 йил ёзида, яна шу лондонлик клубдан 35,3 миллион евро эвазига сотиб олинган. Ҳозирги кунда Лофтус-Чикнинг бозор қиймати тахминан 8,5 миллион евро, Томориники эса 10 миллион евро атрофида баҳоланмоқда.
Ҳусановдан воз кечиш катта хато бўлади!
Суперклуб Ҳусановни энг қиммат ҳимоячига айлантирмоқчи!
Ҳусанов, бизга ўтсанг тўлиқ ўйнайсан! Трансфер бўладими?

Фикрлар